Имом Замахшарий ҳикматларидан

17:51 05 Март 2019 1135

Ёки илмли бўл, ёки илмга таяниб иш тутадиган бўл, лоақал илмни тинглаб эшитадиган бўл, аммо тўртинчиси бўлма, чунки касодга учраб ҳалок бўласан.

* * *
Ёмон фикр соҳиблари ҳам, куфрони неъмат қилувчилар ҳам ёввойи қобонлар мисоли Аллоҳ таолонинг мағфиратидан йироқдирлар.

* * *
Одамнинг умри аввалида қилган ишлари умрининг охиридаги ишларига ҳам далолатдир.

* * *
Аллоҳ таолодан астойдил илтижо билан ўтиниб сўраган кимсанинг нидоси сира ноумид қолмайди.

* * *
Сув йўллари ирмоқлари билан бўлгани каби шариатнинг тўғри қонун-қоидалари Пайғамбар алайҳиссалом таълимотлари биландир.

* * *
Уруғликни ҳам, пўчоқни ҳам, нияту орзуларни ҳам, муҳаббату фироқни ҳам яратувчи Аллоҳ таолодир.

* * *
Сен залолат тўлқинига ўзингни уриб сузсанг, сени фақат кўп тоат-ибодат ва тасбеҳлар қутқаради.

* * *
Ҳар қандай ишни бошлашдан аввал Аллоҳнинг розилигини ўйла. Акс ҳолда қилган ишларингнинг ҳаммаси беҳуда бўлиб, зое кетади.

* * *
Бамисоли тумов киши гулнинг ҳидини сезмаганидек, аҳмоқ киши ҳикмат лаззатини билмайди.

* * *
Кимки ўз нафси-балосию орзу-ҳаваси домига тушиб қолса, у бешак ўзини-ўзи чуқур қаърига ташлагани муқаррар.

* * *
Ўз нафсингга ҳоким бўлмасанг, уни ўз ҳукмингда тутасан. Акс ҳолда ундан ғолиб чиқиб, ушлаб тура олмайсан.

* * *
Кимнинг ҳиммати-ю муруввати қанчалик кўп бўлса, шунга яраша одамлар унинг кайғусига шерик бўларлар, ҳамдардлик билдирарлар.

* * *
Бошингизга мушкул иш ва ташвиш тушганида мунис бўлиб, одамларга меҳр-муҳаббат кўрсатасиз. Аммо давлату неъматларга эришганингизда бағритошликка мойил
бўласиз.

* * *
Одамлар ичидаги энг ярамаси хасисдир, уларнинг ичидаги энг ялқови пасткашдир.

* * *
Ҳаёт вақтингда берган инъом-еҳсонларинг, гарчи уларни туки йўқ (қирчанғи) бўрига берган бўлсанг-да, зое кетмас. Қиёмат кунида буларнинг ажри сенга бўлур.

* * *
Ўз вақтидан кечикиб берилган инъом-еҳсон маҳкам тортилган занжир мисоли қаттиқ бўғувчидир.

* * *
Тоғ тепасидаги қояларни кўчириш миннат эшитиш юкларига нисбатан енгилроқдир.

* * *
Риё бор ҳар қандай ишда раволиг-у зиё йўқдир.

* * *
Мол-мулкни беҳуда исроф қилиш куфрони неъматдур. Ўйламасдан бойлигини сарфлаш тўлиқ таназзулга олиб келади.

* * *
Агар бирор қайғу-алам юз бергани ёки таъзияли жойни эшитсанг, дарҳол ўша ерга бор. Агар зиёфату меҳмондорчиликка чақирилсанг, унда ўзинг ўйлаб иш тут.

* * *
Фақиру мискинларга вожиб садақаларни бажо келтирмаган бойларга жаҳаннамда даҳшатли бир ҳандақ бордир.

* * *
Кўпинча ёки баъзан Ҳасан ал-Басрийга ўхшаш буюкларни Хажжож золимга ўхшашлар туғадилар, гўё шўр денгиз сувидан дур-маржонлар чиққани каби.

* * *
Пора фақат ноҳақлигу золимларга ёрдам бергувчидир.

* * *
Ўткир қиличнинг бошга тушадиган зарбаси баъзи нодонларнинг ҳукми остида мутеъ-итоатда бўлиб юришдан афзалдир.

* * *
Ҳақиқат ва адолат билан тўғри сиёсат юргизмаган ҳар бир раҳбар ва бошлиқ қаттиқ азоб-уқубат ва балога гирифтор бўлур.

* * *
Бу дунё ибратли ишлар ва панд-насиҳатларга тўладир. Айни вақтда кўз ёшларига ҳам сероб.

* * *
Қўрқувга мубтало бўлган киши фақат қочишдан нажот излайди.

* * *
Устингга кексалик кийими ташланган бўлса ҳам бироқ сен узоқ умр кўриш ҳирсида (таъмасида) янги-янги кийимлар киймоқдасан.

* * *
Гарчанд узоқ умр кўрган бўлсалар-да, кўп одамлар ғўр ва тажрибасиздир.

* * *
Туну кунни ўтказаман-у, аммо бугунги куним кечаги кунимдан яхшироқ бўлмаётир. Чунки замона кундан-кунга ҳалокат томон бормоқда. Шундай экан, кечаги кун
бугунгидан аълороқ, бугунгиси эса эртангидан яхшироқдир.

* * *
Вақти-соати ўтгандан сўнг ижро бўладиган ваъдадан ҳеч бир яхшилик бўлмас.

* * *
Кимки бахт-иқболли, солиҳ кишиларнинг этагини тутса, у албатта муродига эришиб, хайру барака топади.

* * *
Тўғри ва ҳақ йўлдан юрган кишининг қадам босиши арслон юришидан ҳам маҳобатлироқ ҳайбатлироқ дир.

* * *
Ёмон, норасо эътиқод билан қилинган эзгу иш сароб ва кул каби ҳеч қанақа фойда бермайди.

* * *
Гўзал сифат ва ҳусни хулқ сийратлари безамаган кишини ҳеч қандай чиройли кийимлар кўркам қилолмас, гуноҳ ва хатолардан сақланмаган кимсанинг қалби сира
айбдан фориғ бўлмас.

* * *
Қабоҳатли суврат, чиркин юзнинг ва ёмон чеҳранинг орқасида ярамас хулқдан бошқа нарса йўқдир.

* * *
Виждон азобию таънадан тўғри бўлмаган кимсани таълим-тарбия ва қийнаш билан ҳам тўғрилаш амри маҳол.

* * *
Пасткаш кимсанинг ўз насл-насабини мақтаб, у билан фахрланиши чанқоқ кишининг сув шуъласи (сароб)ни кўриб алдангани кабидир.

* * *
Кўпинча тил билан етказилган жароҳат қилич билан етказилган жароҳатдан оғирроқдир.

* * *
Ўзи сазовор бўлмаган ҳамду сано ва мақтовларни талаб қилиш уятсиз, телба одамларнинг одатларидандир.

* * *
Қуёш нурларини беркитиб бўлмаганидек, ҳақиқатнинг чироғини ҳам сўндириб бўлмайди.

* * *
Ёлғончининг қасами бор (ҳақиқий) илмининг сохталигини оширади.

* * *
Кўп ортиқча сўзлашув эшитувчини ранжитади.

* * *
Агар тилингнинг ортиқча сўзлашига эга бўла олмасанг, унда тизгининг жиловини шайтонга топширган бўласан.

* * *
Тилингдан чиққан садақанг (яъни, панду насиҳатинг ва маъвиза-ю ҳасананг) баъзан қўлингдан чиққан садақангдан хайрлироқдир.

* * *
Ўз ваъдасида турмаганда турли-туман важ-карсонлар кўрсатувчи кимса ҳеч қачон мард ва ҳимматли инсон бўлолмайди.

* * *
Ўлим қанчадан-қанча такаббур одамларнинг бошларини чуқурга, яъни қабрга улоқтирган.

* * *
Такаббурликни қанчалик хурсандлиг-у шодликка томон айлантиришга уринсанг ҳам, асли лой бўлганидан кейин кулол сингари, яъни тупроққа (лой ишларига)
қайтиши муқаррар.

* * *
Кимки адовату хусуматни экса, албатта у ташвишу машаққат ўради.

* * *
Таниқлиг-у шарафинг отангдандир, меҳрибонлик, мушфиқлик онангдандир.

* * *
Хотин зоти агар қалбинг улар ишқига гирифтор бўлганини сезса, бурнингни тупроққа ишқайди.

* * *
Мисвоклар билан оғзингни тозаладинг, кошки эди бундан кейин сен оғзингни бўҳтон, ёлғон, ғийбат сўзларни айтиш билан булғамасанг!

* * *
Фисқу фасод қилувчилар ва фожирлар кўпайса, Аллоҳ таоло вабо юборади.

* * *
Мен рўзадорман, дейсан-у аммо ўзинг бўлса, биродаринг гўштини ейсан (яъни, ғийбатлар ва хўрликлардан сўзлайсан).

* * *
Худди қурт-қумурсқалар арслон боласини егани каби олийжаноб ва ҳимматли одамнинг гўштини ҳасад аҳли ейди.

* * *
Инсоннинг кийимига қарама, билимига қара. Илм – бу ота, балки у сут беришда онадан фойдалироқдир. У ёмонликни тузатиш учун ҳамма нарсадан яхшироқдир.
Агар тилингни тиймасанг, жиловингни душманингга бериб қўясан.

* * *
Ақлли ғофилнинг ҳоли нодон ғофилнинг умрига силтов бўлади.

* * *
Сенга энг яхши маслаҳат мутакаббирлик билан юзингни тескари бурма ва шон-шуҳратинг билан фахрланма.

* * *
Урушқоқ ва жанжалкаш киши хафалик билан шодлик орасида яшайди.

* * *
Ҳаддан ошишингни пасайтир, кибрланишдан воз кеч.

* * *
Яхшилик билан инсон камоли, ани қилургача йўқтир мажоли.

* * *
Қуёш нури беркитилмайди, ҳақиқат шами сўнмайди.

* * *
Виждонли киши хавфдан ҳоли яшаса, хиёнат қилувчи киши беҳаловат яшайди.

* * *
Савдогарнинг шуҳрати чўнтагида.

 

 

Шавкатжон Мадаминов,

“Ҳидоя” ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси