Пайғамбаримизнинг ёшлик чоғлари

10:12 04 Декабрь 2018 1014

 Бадавий араб болалари одатларича Пайғамбаримиз ҳам тўрт яшар чоғларида эмакдош бола билан бирга қўй, эчки, қўзиларни боқиб юришар эди. Бир куни эмакдош ўғил югурган ҳолда йиғлаб келиб хабар бердиким: — Укам Муҳаммадни оқ кийим кийган икки одам келиб ушлаб олди ва уни ерга ётқизиб, кўксини ёриб қўйди, — деди. Ҳалима эри билан бу даҳшатли хабарни эшитиб, хушлари бошларидан учди. Фарёд-фиғон қилишиб чопишиб бордилар, кўрдиларким ранглари ўчган, вужудлари ўзгарган ҳолда турибдилар. Дарров қучоқларига олишиб:

— эй ўғилчоғим, сизга нима бўлди? — деб сўрадилар. Анда Пайғамбаримиз:

— Оқ либослар кийган одам сифатида икки киши келди, мени ётқизиб, кўксимни ёрдилар, ичимга қўл солиб юрагимни чиқазиб, уни тилдилар, ундан қора қонни оқизиб ташлаб, бир жом кавсар суви билан кўп ювиб чайқадилар. «Мана, сендаги шайтон насибаси кетди, энди сенга шайтон йўл тополмайдур», деб яна қайтадан кўксимни тикишиб қўйиб, ғойиб бўлдилар, — дедилар. Қарасалар кўксиларида ёрганнинг нишонаси қолиб, изи кўриниб турибдир. Бечора Ҳалима

хотун эри билан бу кароматнинг ҳақиқатига тушунмай, бу ишнинг Худо тарафидин бўлганига ақллари етмай, кўнгилларига турли хаёллар келиб, кўп қўрқунчликлар тушди. Бу иш жин-шайтонлар қасдидин бўлдими, деб гумон қилишди. Ўзлари Пайғамбаримиздин ажрашишларига сира тоқатлари бўлмаса ҳам, бу ҳодисадин қўрқиб, ночор Пайғамбаримизни оналари Оминага келтириб топширдилар.

— Бу муборак болага бундай меҳру муҳаббат қўйган энагаси биздин рухсатсиз келтурди, албатта, бунинг боиси бўлса керак, — деб сабабини Ҳалимадин сўрадилар, аввалда айтмай яшириб турган бўлса ҳам, сўнгра бўлган воқеани баён қилди ва:

— Бу иш жин-шайтонлар тарафидин бўлиш имконияти бордур — деди. Оналари Омина бу сўзга қарши дедиларким:

— Бу болам Муҳаммад бўйимга битгандин бошлаб, ғойибдин кўп ишорат-башоратлар кўриб келганман. Бу боланинг шарофатини билдириш учун туғут кечасида неча турли каромат ишлар бўлиб ўтгандир. Энди бундоғ улуғ хосиятларга эга бўлган фарзандим Муҳаммадга ҳеч қачон жин-шайтонлар яқинлашолмайдилар, — деб Ҳалимага ҳурмат кўрсатиб, рухсат қилдилар. Шу чоғда Пайғамбаримиз тўртга тўлиб, бешга қадам қўйган эдилар. Мана бу воқеа Пайғамбаримизга ёш болалик вақтларида бўлган мўжизаларнинг бирисидур. Буни «Шаққи Садр» дейдурлар.

Бундан сўнгра Пайғамбаримизнинг оналари ҳазрати Омина: «Мадинага бориб, боламга отаси Абдуллоҳ қабрини зиёрат қилдирай ва ҳам у жойдаги тоғалари билан кўриштириб келай», деб Мадина сафарига ният қилиб, йўлга чиқди. Бу сафарда Умму Айман деган Абдуллоҳдин мерос қолган чўрилари ҳамроҳ эди. Бир неча кун йўл юришиб, саломат Мадинага етишдилар. Макка шаҳри билан Мадина оралиғИ туя юришида ўн-ўн икки кунлик йўлдур. Тоға қабиласи ичида бир неча кун меҳмонликда бўлишди. Мақсад ўталгандин сўнгра яна Маккага қайтдилар. Макка ва Мадина шаҳарлари орасидаги Абво деган жойга келганида оналари Оминада бетоблик пайдо бўлди ва шу жойда ажал етиб, эндигина беш ёшга кирган фарзандларини додаклари

(чўрилари) Умму Айманга топшириб, ёш жувонлик ҳолда вафот этди. Мана шу жойга келганда, икки тоғ орасида меҳрибон оналаридан ҳам ажраб, ота-онасиз етим бўлиб, додаклари Умму Айман қўлида қолдилар. Сўнгра бу жойдин қўзғалиб, Маккага келгандин кейин боболари Абдулмутталиб зиёда меҳрибонлик кўрсатиб, ўз тарбиятига олди. Шу билан боболарининг қўлида ёшлари саккизга етди. Бу чоғда Абдулмутталибнинг ёши юздин ошган эди. «Ҳар бир туғилган киши — ўлимдир охирги иши» дегандек, бу киши ҳам ажали яқинлашиб, бетоблик тўшагида ётди. Ўн бир ўғил, олти қизлари бор эди. Уларни ёстиқ устига чақириб, васият қилди:

— Ўғлим Муҳаммад онасидин ёшлигида етим қолди, энди мендин ҳам ажраш вақти яқинлашди. Ўз ўрнимда Абу Толибни вакил қилдим, — деди. Сўнгра унга қараб айтди:

— эй Абу Толиб, сен ўзинг камбағал одамсан ва ҳам ёш болаларинг кўпдур, шундоқ бўлса ҳам ўғлим Муҳаммадни сенга топширдим, чунки сен юмшоқ кўнгиллик, мулойим сўзлик, улуғ ҳикматлик кишидурсан ва ҳам Муҳаммад

 — оғанг Абдуллоҳнинг ўғлидур, мана шунинг учун ҳам Муҳаммадни сенга топширдим,— деб фоний дунёдин ўтди.

 

 

      

Раҳманов Маъсумхон

“Ҳидоя”  ўрта махсус ислом билим юрти талабаси

ёшлар иттифоқи аъзоси