Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг аёлларга ажратган дарслари хақида

13:21 24 Май 2019 1078

“Бир аёл хазрат Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга деди: «Сўзингизни тинглашимизга имконият бўлмаяпти, бевосита ўзингиздан эшитайлик, бир кунни тайин килинг, келайлик, Аллох сизга ўргатганини бизга ўргатинг!». Хазрат Пайғамбар (с.а.в) алохида дарс ўтишни қабул қилиб, буюрдилар: “Фалон кун, фалон ерда тўпланинглар!” ўша кун келгач, уларга ваъз-насихат айтдилар, баъзи диний ишларни буюрдилар: “Эй хотинлар, орангизда уч боласи ўлган бирорта хам хотин бўлмаса керак, мабодо бўлса, уни ўша болалари парда бўлиб дўзах ўтидан асрагайдир”, дедилар. Шунда бир хотин: “Иккита бўлса-чи?”, деди. Расулуллох соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Иккита бўлса хам (парда бўлгайдир)”,-дедилар (бу гап отага хам тааллуқли).

Аёлларнинг фикр ва тушунчаларидан фойдаланиш керак эмас, деганлар, уларни фикр-ўйларини баён этмоқдан махрум қилиб, порлоқ ва нурли шариатга, соғлом ақлга қарши чиқадилар. Чунки, мўмина аёллар билан маслахатлашишни бевосита шариат амр этмоқда. Аллох Қуръони каримда шундай мархамат этади: “... ишларингизда уларга маслахат солинг!...” (Оли-Имрон сураси, 159-оят). Диққат этилса бу ояти каримада Расулуллохга соллаллоҳу алайҳи васаллам хам мўмин эркаклар билан, хам мўмина аёллар билан маслахатлашиш амр этилмоқда. Табиийки, мусулмонлар хам шу амрга тобеъдирлар. Бир хадисларида «Аёлларингизга маслахат солинг, аммо уларнинг айтганларига тескари иш тутинг» деганлар. Ояти каримада фақат эркаклар билан маслахатлашиб, аёллар билан маслахатлашмаслик керак, бунга эхтиёж йўқ, , дейдиган бир ишора мавжуд эмас. Бу ояти каримани фақат эркакка махсус дейиш аёлга мухолифликдан бошқа нарса эмас. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам хам эркакларга, хам аёлларга тенг юборилганлар. Аллохнинг ва Пайғамбарининг хитоблари аёлларга хам, эркакларга хам қаратилган. Бу хитобларни очиқ бир насс ёки ижмо бўлмагунча эркаклар махсус этиб, аёлларни ташқарида қолдирмоқ жоиз эмас. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ахли аёллари билан маслахатлашиб иш кўрганликлари маълум. Сўзимиз қуруқ бўлмаслиги учун ушбу хадисни келтирамиз. Абу Хурайра розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: “Расулуллох соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деб айтдилар: “Кимки Аллох таолога ва қиёмат кунига иймон келтирган бўлса, қўшнисига озор бермасин! Шунингдек аёллар билан доимо яхшиликча маслахатлашингизлар...”

Расулуллох соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратлари аёллар билан маслахат қилиш хусусида бир ибрат  хазинасидир.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам 6 хижрий йилда 1400 сахоба билан Мадинадан Байтуллохнинг зиёрати учун борганларида мушриклар Худайбия номли водийда йўлни тхсдилар. ўша ерда сулх тузилиб, мусулмонлар Каъбани зиёрат қилмай қайтиб кетадиган бўлдилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам худайбияда оёққа қалқиб; “Эй инсонлар, туринг қурбонликларингизни сўйинг. Сочларингизни олдиринг ва эхромдан чиқинг!”, дея асхобга амр этдилар. Улардан хеч бири жойидан қимирламади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам амрларини яна бир такрорладилар. Яна қимирлашмади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам буйруқларини учинчи бор такрорладилар. Яна қимирламадилар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам завжалари Умму Саламанинг ёнларига бордилар. Боришлари билан Умму Салама: “Ё Расулуллох! Не бўлди?”, деб сўрадилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эй Умму Салама! Халқнинг (мусулмонларнинг) бу тутими недир? Эсанкирайдиган хол. Уларга: қурбонликларингизни сўйинг, сочингизни олдиринг ва эхромдан чиқинг!, деб такрор-такрор айтдим. Улар сўзларимни эшитар, юзимга боқишару амримни бажармоқка туришмади?!”, деб нолидилар.

Хазрат Умму Салама: “Ё Расулуллох! кўрганингиздек халқ шу холга тушмоқда. Эй Аллохнинг Пайғамбари! Сиз шу ишни бажармоқни истайсизми? Истасангиз, тез боринг, қурбонликларни сўйгунча, сартарошни чақириб, соч олдиргунча асхобдан хеч кимга сўз айтманг. Сиз қурбонликларни сўйиб, соч олдирсангиз, халқ хам шундай қилади. Мухаққақ сизга эргашади!”, дедилар.

Шундан сўнг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам эхромларини ўнг қўлтиқларидан чиқариб, чап елкаларига ташладилар. Қўлларига бир хорба (найза) олиб, баланд овозда «Бисмиллахи, Аллоху Акбар!», дея, қурбонлик туяларини сўя бошладилар.

Асхоблар  Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қурбонлик сўйишларини кўришлари билан дархол туриб, қурбонлик туяларини сўйишга тушдилар.

Хазрат Умму Салама шундай дедилар: “Қурбонликларга қараб шундай чопдиларки, тўпланганларини кўриб бир-бирларини эзиб қўйишларидан қўрқдим” .

 

Хошимжон Қодиров

Ҳидоя ўрта махсус ислом билим юрти талабаси

ёшлар иттифоқи аъзоси