Намоздан кейинги зикр ва тасбехлар

12:22 20 Февраль 2019 3955

Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Бомдод намозидан кейин, оёғини йиққан ҳолида туриб, гапримасдан олдин юз марта «Лаа илаҳа иллаллоҳу, ваҳдаҳу лаа шарийка лаҳу, лаҳул мулку, ва лаҳул ҳамду, юҳъйи ва юмийту ва ҳува ала кулли шайъин қодийр» деса, унга юз ҳасанот ёзилур, унинг ўн хатоси ўчирилур, унинг ўн даражаси кўтарилур. Ўша куни у барча ёқимсиз нарсадан ҳимояда бўлур ва шайтондан сақланур. Ўша куни уни гуноҳ ҳам тутмас, магар Аллоҳ таолога ширк келтирмаган бўлса», дедилар».

Шарҳ: Деярли кўпчилик машойихлар ва ўтган азизлар ушбу ҳадисда ривояти келган дуони ўзларига кундалик вазифа қилиб олганлар. Ҳар бир киши бунга амал қилмоғи лозим. Чунки Бомдод намозидан кейин ўрнидан турмай, оёқлари йиғилган ҳолда, дунёвий гапларни гапирмай туриб бу дуони ўқиган одамга кўпгина яхшиликлар ваъда қилинмоқда;

1. Унга юз та  ҳасанот ёзилур.
2. Унинг юз та  хатоси ўчирилур.
3. Унинг мақоми юз баробар  кўтарилур.
4. Ўша куни у барча ёқимсиз нарсадан ҳимояда бўлур.
5. Шайтондан сақланур.
6. Ўша куни уни гуноҳ ҳам тутмас, магар Аллоҳ таолога ширк келтирмаган бўлса. Агар Аллоҳ таолога ширк келтирган бўлса, ҳолига вой  бўлади.

Бу ҳадиси шарифга амал қилишни йўлга қўйиш керак.

Убайда ибн Шуъайб ас-Сабаъий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким шомдан кейин ўн марта «Лаа илаҳа иллаллоҳу, ваҳдаҳу лаа шарийка лаҳу, лаҳул мулку, ва лаҳул ҳамду, юҳъйи ва юмийту ва ҳува ала кулли шайъин қодийр» деса, Аллоҳ уни тонг отгунча шайтондан муҳофаза қиладиган қуролланган фариштани юборади, Аллоҳ унга бу ила вожиб бўлган ўн ҳасанот ёзади, унинг ўнта ҳалок қилувчи хатосини ўчиради ва бу унинг учун  озод қилинган қул каби бўлур», дедилар».
Иккисини Термизий ривоят қилган.
Шарҳ: Бу ҳам Шом намозини ўқиб бўлгандан кейин ва дунёвий гап гапирмасдан олдин бўлиши керак
Қачон ётар жойига келса  ўттиз тўрт марта такбир, ўттиз уч марта ҳамд ва ўттиз уч марта тасбиҳ айтади. Булар тилда юзта, тарозуда мингта бўлади. Батаҳқиқ, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уларни қўллари билан санаётганларини кўрдим. Шунда:
«Эй, Аллоҳнинг Расули! уларнинг оз бўлгани ва уларга амал қиладиган оз бўлиши қандоқ?» дейишди.
«Шайтон бирингизга уйқусида келади ва уни айтишидан олдин ухлатиб қўяди. Намозида келиб уни айтишидан олдин ҳолатини эсига солади», дедилар». Сунан эгалари ривоят қилган.
Бу ерда намоздан кейин ва ухлашдан олдин тасбиҳ, ҳамд ва такбир айтишнинг яна бир услуби ҳақида сўз кетмоқда. Уйқуга кетишдан олдин ўттиз тўрт марта такбир, ўттиз уч марта ҳамд ва ўттиз уч марта тасбиҳ айтиб ётишга амал қилиб борилса катта хайр баракага эга бўлинади.
Аммо намоздан кейин айтиладиган тасбиҳ, ҳамд ва такбирда бошқа ҳадиси шарифга амал қилиниб келинмоқда.
Имом Муслим ва Термизий Каъб ибн Ужра розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «(Намоз) ортидан келувчиларни айтувчилар ёки қилувчилар ноумид бўлмаслар. Ҳар бир намоз ортидан ўттиз учта тасбиҳ, ўттиз учта ҳамд ва ўттиз тўртта такбир», дедилар».
Ушбу ҳадисда зикр қилинган ҳар бир намоз ортидан ўттиз уч марта «Субҳаналлоҳ», ўттиз уч марта «Алҳамду лиллаҳ», ўттиз тўрт марта «Аллоҳу акбар»ни зикр қилиш, кейинги ривоятларда келадиган зикрлар ила уйғунлашиб татбиққа кирган.
Имом Муслимнинг ривоятида:
«Ким ҳар намоздан кейин, ўттиз уч марта Аллоҳга тасбиҳ айтса, ўттиз уч марта Аллоҳга ҳамд айтса, ўттиз уч марта Аллоҳу акбар», деса ҳаммаси тўқсон тўққиз бўлур, юзтанинг тамом бўлиши: «Лаа илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу лаа шарийка лаҳу лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду ва ҳува ала кулли шаъий қодийр»ни айтса унинг гуноҳлари денгиз кўпиклари каби бўлса ҳам мағфират қилинур», дейилган.
Имом Муслимнинг ривоятига аввал ёки охирида «Оятул Курсий»ни қўшиб ўқишни сўфийлар жорий қилганлар. Буни, сўфийлар хатмиси, деб номланади. Бу нур устига нур дейилади. Чунки, «Оятул Курсий» Қуръони Каримдаги энг улуғ оятдир. Ушбу хатмни қилиш бизда ҳам жорий бўлиб келаётган нарсадир.
Намоздан кейин имом қавмга қараб ўтириб жамоат ўлароқ зикрларни айтиб, сўнгра қўлларини кўтариб дуо қилишлари, қавмнинг имомнинг дуосига омийн, омийн деб туриши ҳақида саволлар кўп. Авваллари бу масалада ҳеч гап кўтарилмас эди. Аммо кейинги пайитда турли сабабларга кўра саволлар кўпайди.
Аслида бу масала аллақачон ҳал бўлган муҳаддислар ўз китобларида бу борадаги ҳадисларни ривоят қилган ва фуқаҳолар ўз китобларида уни яхшилаб таҳлил қилиб ечиб берган эдилар.
Аммо баъзи одамлар бу масалани яна қайта кўтариб одамларнинг хаёлини паришон бўлишига сабаб бўлдилар. Аслида эса эски гапни яна қайта қўзидилар.
Начора, модомики ўзи билмаган нарсани инкор қиладиганлар бўлар экан қайта-қайта овора бўлишдан бошимиз чиқмайди.
Шунинг учун муҳтарам китобхонга қисқача баёнот беришни лозим кўрдик.
Аввало бу масалада алоҳида рисолалар ёзганлар ҳам бўлганини айтиб қўймоқчимиз.
Мисол учун Махдум Муҳаммад Ҳошим ат-Таттавий ас-Синдийнинг «Мухтасари ат-Туҳфатул Марғуба фии афзалияти ад-Дуои баъдал Мактуба»-(Фарз намозидан кейинги дуонинг афзаллиги ҳақида марғуб туҳфа мухтасари) китобини келтиришимиз мумкин.
Бу китобда муаллиф фарз намоздан кейин қўлни кўтариб дуо қилиш, жамоат бўлиб дуо қилиш ва омийн, омийн деб туриш ҳақидаги кўплаб ҳадисларни келтирган.

 

 

Мухаммадамин Боқижонов

“Ҳидоя”ўрта махсус ислом билим юрти  талабаси
ёшлар иттифоқи аъзоси