Имоннинг асоси илм

10:40 04 Апрель 2019 1083

Баъзи бир чаласавод кишилар илмли одам динсиз бўлади, кишининг илми қанча кўпайса, унинг динсизлиги ҳам шунча ортади, деб ўйлайдилар. Ҳақиқатда эса ҳеч бир замонда илм ўз эгасини худосизликка олиб бормаган. Ҳақиқий олим тўғри илмий ишлар олиб боргани сайин ўзи чексиз бир оламда яшаётганини билади. Бу оламда ажойиб тартибли интизом ҳукм сураётганини, ҳеч бир нарса тартибсиз ёки беҳуда эмаслигини тўла тушунади. Буларни тўғри идрок этиш Аллоҳга ишонишга олиб келади.

Пастор шундай деб ёзади: «Иймон ҳеч қандай тараққиётга тўсқинлик қилмайди. Чунки ҳар бир тараққиёт худонинг яратган нарсаларидаги ажойиботларни очиб беради. Агар мен бугун кечагидан кўра илмлироқ бўлсам, Аллоҳга бўлган ишончим ҳам кечагидан мустаҳкамроқ бўлади».

Ким Исломни илмга муносабатини аниқ билмоқчи бўлса, тарихга назар солсин, Исломга амал қилинган пайтда ҳар бир мусулмон юртидан кўплаб алломалар чиққанига гувоҳ бўлсин, илм-фан маданият мисилсиз ривожланганини билиб олсин!
         Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким илм талаб қилиш йўлига тушса, Аллоҳ унга жаннатнинг йўлини енгиллаштиради”, дедилар. Муслим, Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.
         Илмга тарғиб қилиш учун бундан ортиқ, тарғиб бўлмаса керак. Ҳар бир инсоннинг олий мақсади жаннат. Жаннатга эришиш учун у ҳар нарса, ҳар қандай қийинчиликларга тайёр. Илм талаб қилиш эса, жаннатнинг йўлига тушишдир. Илм йўли билан борган одам охири жаннатнинг эшиги олдидан чиқади. Оят ва ҳадисларда зикри келган илм ҳамма фойдали илмларни ўз ичига олади. Диний илмлар албатта биринчи ўринда туради. Аммо, бошқа илмлар кўзда тутилмаган дейишлик мутлақо нотўғридир. Мисол учун, “Аллоҳ кимга яхшиликни раво кўрса динда фақиҳ қилиб қўяди”, дейилган ҳадисга ўхшаш. Шунинг учун ояти карима ва ҳадиси шарифларда зикри келган илмдан мурод барча фойдали илмлар бўлиб, уларга қилинган ваъдаларга иймон ва ихлос билан уринган мўмин-мусулмонлар эришади, дейишимиз тўғри бўлади.

Бу қоидани ушбу ҳадиси шарифга ишлатадиган бўлсак, мўмин-мусулмон киши ўзи учун, жамияти учун, инсонлар учун фойдали илмга «бу-менга Аллоҳнинг амри, Исломнинг талаби» дея уринса, у жаннатнинг йўлига тушган бўлади. Аллоҳ таоло унга жаннатнинг йўлини енгиллаштиради.

 

Билолиддин Султанов

Ҳидоя ўрта махсус ислом билим юрти талабаси