Ўзбек тилида идғом, иқлоб қоидалари борми?

17:37 12 Апрель 2018 1596

Ўзбек тилида идғом, иқлоб қоидалари борми?

Тил миллатларнинг бир-бирлари билан алоқа қиладиган муҳим воситалардан биридир. Шунинг учун  турли миллат тилларида ўзаро мутаносиблик учрайди, ҳар бир миллат энг равон, силлиқ тилда мулоқот қилишни хоҳлайди. Маълумки, она тилмизнинг бойишида араб тилининг ўрни беқиёсдир.

Арабча сўзлар ўзбек тилига VII-VIII асрлардан бошлаб кириб келган ва бу тил Марказий Осиёда илмий тил сифатида шаклланди.  Шунингдек, араб тилининг бойишида ва сайқаллашишида аждодларимизни меҳнатлари ҳам беқиёс бўлиб, машҳур олим Аз-Замахшарий араб тилига ёшлигидан катта ҳавас ва иштиёқ билан қарайди ва арабларнинг урф одатларини, турли лаҳжаларини йиллар давомида чуқур ўрганади. Бу харакатлар араб тилининг грамматикаси, лексикаси, умуман араб тилшунослигига оид бир қанча мухим асарларнинг яратилишига сабаб бўлади. Арабларнинг ўзлари “Агар Хоразмлик шу кўса, чўлоқ бўлмаганда, араблар ўз тилларини билмас эдилар! ” деб алломага юксак баҳо берганлар.[1] Биз ушбу мақолада ўзбек ва араб тилидаги ассимиляцияси ҳодисаси юзасидан айрим ўхшашликларни қиёслашга харакат қилдик.

       Ислом дини дунёга кенг тарқала бошлаганидан кейин, уни ҳар-хил миллатлар қабул қила бошлагач турли миллатларнинг тили араб тили билан аралашди.  Натижада араб тилига ҳам баъзи ўзгаришлар кира бошлади. Мусулмонлар бу ўзгаришлар уларнинг муқаддас китоби Қуръонга ҳам таъсир қилишидан қўрқиб, унинг олдини олиш чорасини изладилар. Аввалда нуқта ва ҳаракатлардан холи бўлган Усмоний Мусҳафга нуқта ва ҳаракатлар қўйдилар. Сўнг тажвид илми ёзилди ва буни ассимиляция ҳодисаси тўғрисида алоҳида боб қилиб ўрганилди. Тажвид илмига биринчи бўлиб, Халил ибн Ахмад ал-Фарахидий, баъзи уламолар айтишича, Абу ал-Асвад ад-Дуалий асос солган[2] 

Ўзбек тили фонетикасини чуқур ўрганишга бағишланган монографик тадқиқот  1959 йили В.В.Решетовнинг  “Ўзбек тили  Фонетика” асари номи билан майдонга келди. Муаллиф ўзбек тилшунослигида илк бор оғзаки нутқда турли фонетик ходиса ассимиляцияси рўй бериши бўйича атрофлича фикр юритди.[3]

Ассимиляция (ўхшашалик) бўлиб, товушлардан бири иккинчиисини ўзига ўхшаш товушга айлантирса, бундай ўзгаришга ассимиляция дейилади. Ассимиляция икки кўринишда бўлади. Прогрессив ва регрессив.[4]

Кейинги товуш ўзидан олдинги товушни ўзига ўхшатиб олса, регрессив ассимиляция бўлади. Қуръони каримда асосан шу ҳолдаги мисоларни кўпроқ кўришимиз мумкин. Бундай  ўзгаришларни идғом мутажонисайн (яъни: жойлашиши бир хил бўлган фонемаларни аввалгисини кийингисининг ичига киргизиш) деб номланиб, бу ҳолат асосан т, д, м,б фонемаларида учрайди. Мисол учун д товушини  кейинги т товуши ўзига ўхшатиб олгани عَبَدتُّمْ[5] (м;ибодат қилдингиз).  Шундай ходиса ўзбек тилида прогрессив ассимиляция кўринишида келади;  айт +дир-айттир, кет+ди, кетти деган сўзларда,  б товушини  кейинги м товуши ўзига ўхшатиб олгани ارْكَب مَّعَنَا  (м;биз билан бирга мингин). Буни ўзбек тилидаги қиёси: сўраб+ман-сўрамман,олиб+ман-олимман каби.

Мумтоз араб тилида яна идғом маъал ғунна ёки идғом било ғунна (сонорли фонемаларни ёки сонор бўлмаган фонемалардан  аввлгисини кийингисининг ичига киргизиш) қоидалари мавжуд бўлиб асосан н фонемаси  м,р,в ,л фонемаларига  ўхшаб қолади.  Кейинги  м товуши н товушини  ўзига ўхшатиб олади. مِّن مَّسَدٍ   (м;эшилган),  ўзбек тилидаги кўриниши эътирозлан+моқ-эътирозламмоқ ёки кейинги р товуши н товушини ўзига ўхшатганига мисол من رِّجَالِكُمْ (м;эркакларингиздан),  ўзбек тилидаги кўриниши осон+роқ-осорроқ, секин+роқ-секирроқ  ёки л товуши н товушини  ўзига ўхшатиб олиши мумкин رزْقا لَّكُمْ (м; сизларниниг ризқларингиз), ўзбек тилидаги кўриниши якун+ламоқ-якулламоқ (хулоса, натижа чиқармоқ, хулосаламоқ.) Маош олмаса ҳам, кеча –кундиз ўтириб, тажрибаларни якунлади. Натижасини директорга ёзиб берди. С.Нуров Нарвон).   “в” товуши ўзига ўхшатиб олганига мисол келтирсак مِن وَرَائِهِم (м; орқаларидан,) ўзбек тилидаги кўриниши нон+войхона-новвойхона.(нон ёпиладиган ва пишириладиган жой). Зумрад дадасининг новвойхонсидаги хамир қорадиган йигитлардан бирини яхши кўриб қолган эди. С.Зуннунова. Гулхан.)

Ассимиляция тўлиқ ва тўлиқсиз бўлади.юқорида келтирган мисолларимизда бир товуш иккинчи товушни айнан ўзи каби товушга айлантирганлигига, яъни тўлиқ ассимилияцияга тўхталдик. Мумтоз араб тилида бир товуш иккинчи товушни ўзига қисман ўхшатиб олган тўлиқсиз  ассимиляция ходисаси ҳам учрайди. Сўз таркибидаги “н” товуши “м” товушига алмашган холатлари кузатилади. الأنبياء ан+бийо-амбийо (м; Пайғамбарлар). Бу сўз арабча бўлиб, асли набий сўзининг кўплик шакли. Ўзбек тилида кўплик маъносини ифодалаши ўқилмайди, шунга кўра кўплик маъносини ифодалаш учун –лар қўшимчаси қўшилади[6]

Хулоса қилиб айтганда ўзбек ва араб тилидаги ассимиляция ҳодисаси ўрганишлик зарур бўлган масалалардандир.

 

Обидхон ИКРАМОВ

“Ҳидоя" ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси

 


[1] “Буюк алломаларимиз”  Тошкент-2000   55-бет.

 

[2]   А.Салоҳиддин, Р.Мирзақосим. “Тажвид” Тошкент 2006. 10-бет.   

[3] “Танланган асарлар” 2 –жилд 389-б.А.Нурмонов.Тошкент 2012

[4] “Ўзбек тили” М.Мирзаев. С.Усмонов.И.Расулов 67- бет Тошкент1966

[5] Арабча мисоллар Қуръони каримдан олинди.

[6] Ўзбек тили этимологик луғати. Ш.Рахматуллаев Тошкент 2006