ИМОМ МУҲАММАД ШАМСИДДИН ЖАЗАРИЙ

17:58 07 Апрель 2018 1416

ИМОМ МУҲАММАД ШАМСИДДИН ЖАЗАРИЙ

 

   Қори ва муҳаддислар устози, мужаввид ва қироат илми ула-моларининг имоми, ўзи замонасидан тортиб то бизнинг давримизгача қироат ва тажвид илмининг шайхи ва олимлар гул-тожи бўлиб келаётган, “Ал-Жазарий” тахаллуси билан танилган бу зотнинг тўлиқ исми шарифлари Аллома Ҳофиз Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Али ибн Юсуф ибн ал-Жаза-рий, Шамсиддин ад-Дамашқий аш-Шофиъий бўлиб, кунялари “Абул Хайр”дир. Таваллудлари ҳижрий 751 йили Рамазон ойининг йигирма бешинчи куни, милодий 1350 йилнинг ўттизинчи ноябр, жума кунига тўғри келади.

    У зотнинг таваллудлари ҳам ажойиб воқеа бўлган. Ҳикоя қилинишича, қирқ йил фарзанд кўрмаган кекса оталари омо-натдор тожирлардан бўлиб, 750 ҳижрий йили муборак ҳаж сафарига борадилар. Бу ибодат амалларини бажариб бўлгач, тавоф қилганларидан сўнг Аллоҳ таолодан ўзларига солиҳ, олим фарзанд ато этишини сўраб, Замзам сувидан ичиб дуо қиладилар ва диёрларига қайтадилар. Бир йил ўтгач, Рамазон ойининг йигирма бешинчи кечасида таровеҳ намозидан сўнг биз “Имом Жазарий” деб улуғлаётган инсон дунёга келади.

Муҳаммад ибн ал-Жазарий туғилган шаҳарларида ўсиб улғайдилар ва 13 ёшида Қуръони каримни тўлалигича ёд олиб, 14 ёшида одамларга имомлик қила бошлайдилар. 15 яшар ўсмирлик даврларида Шайх Абдулваҳҳоб ибн Саллор, Аҳмад ибн Иброҳим ибн Таҳҳон ва Аҳмад ибн Ражаб ҳузурларида қироатларни ифрод (алоҳида-алоҳида) тажвид асосида ўқиб берганлар. Ўн етти ёшга етганларида эса, Шайх Абул Маолий ибн Ал-Лаббон назоратлари остида қироатларни китоб қилиб жамлайдилар. Ёшликлариданоқ замонасининг 10 кўплаб етук қироат соҳиблари ва илм аҳлларидан қироат илмлари билан бирга тафсир, ҳадис, фиқҳ, усулул фиқҳ, ақоид, балоғат, сарф ва наҳв каби илмларни сабоқ олиб, ўзлаштирадилар. Бир неча марта ҳаж ибодатини адо этадилар. Мисрга қайта-қайта сафар қилар эканлар, у ердаги қироат имомларидан сабоқ олар ва ўз қироатини ҳам улар имтиҳонидан ўтказар эдилар.

Димйотий ва Абарқуҳий асҳоблари, шунингдек, Фахр ибн Бухорийнинг бир жамоаси ва бошқалардан ҳадис илмини таълим оладилар. Фиқҳ илмини эса, Шайх Абдураҳим ал-Иснавий ва унинг сафдошларидан ўрганадилар. “Усул, маъоний ва баён” илмларини Мисрда Шайх Зиёуддин Саъдуллоҳ ал-Қазвийний ва бошқалардан ўзлаштирадилар. У зотга вафотидан олдин, ҳижрий 774 йили Шайхул Ислом муҳаддис, муаррих Абу Фидо Исмоил Ибн Касир, 779 йили Шайх Зиёуддин, шунингдек, 785 йили Шайхул Ислом ал-Булқийнийлар фатво чиқаришга изн беришган.

    Умавийлар барпо этган жомеда қироат илмини мукаммал ўзлаштириб, ўша жойдаги машҳур қориларга раис бўла-дилар ва кўпчиликка қироат илмини ўргатадилар. Дамашқ-да Қуръони каримга бағишлаб “Дор ал-Қуръон ал-карим” номли мадраса бино қиладилар. Ҳижрий 793 йилдан бошлаб Шом (Сурия)да бир неча йил қозилик қилганларидан сўнг, 798 йили Рум (ҳозирги Туркия)га сафар қилиб, Бурса шаҳрида Боязид ибн Усмон6 билан учрашадилар.

   Аллома илм олиш ва тарқатиш йўлида кўп юртларга сафар қилган. Жумладан, ҳаж ибодатини адо этгач, Ҳижозга борганида баъзи кишилар Имом Жазарийга: “Бурса шаҳрида Қуръони каримни ўрганмоқчи бўлган толиби илмлар бор, улар сиздан таҳсил олишни орзу қилишади. Лекин ёнингизга келиб, илм ўрганиш учун етарли маблағлари йўқ”, дейишади. Шунда ул зот: “Ундай бўлса, уларнинг олдига мен бораман”, дейди-да, Жиддадан кемага чиқиб, Қоҳирага йўл олади. Қоҳирадан Искандарияга, ундан Ўрта Ер денгизи орқали Антокияга етиб келади ва шу ерлик бир кишининг уйида меҳмон бўлади. Имом Жазарийдан Қуръон илмларини ўрганишни орзу қилган бурсалик толиби илм олимни Ҳижозда экани хабарини олгач, шу томон отланиб, Бурсадан Антокияга келади. Талаба хуфтон намозига азон айтилгач, масжидга киради. Намоз тугаб, одамлар тарқай бошлайди. Шунда антокиялик бир киши унинг мусофир эканини сезиб, турар жойи бор-йўқлигини сўрайди. Талабадан борадиган ери йўқлигини эшитгач, ўз уйига олиб бориб меҳмон қилади. Кечки овқат пайтидаги суҳбат асносида: “Бугун юртимизга Исломнинг буюк уламоларидан Муҳаммад ибн Жазарий келди”, дейди мезбон. Бу гапни эшитган илм толиби ўрнидан сакраб туради: “Аллоҳга қасамки, у зотни кўрмагунимча ухламайман!” Мезбон: “Бу кеча дам ол, эртага кўрасан”, деса ҳам, барибир кўнмай туриб олади. Шунда икковлари Имом Жазарий меҳмон бўлиб тушган уйни сўраб-суриштириб йўлга чиқишади. Толиби илм олим билан кўришгач, йиғлаб юборади, севинчидан терисига сиғмайди. Олим бўлган воқеани эшитгач, меҳри товланади. Талаба Қуръони каримни тўлалигича ёд олгач, Антокияда қолади. Ундан сўнг Бурсага бориб, толиби илмларга сабоқ беради.

Боязид кўрсатган ҳурмат ва эҳтиромга жавобан имом у ерда бир неча йил истиқомат қилиб, юрт аҳолисига қироат ва ҳадис илмини таълим берадилар. Кўпчилик бундан унумли фойдаланади. Шунингдек, у зотдан кўп киши ўн хил 12 қироатни мукаммал ўрганади. Ўша диёрда икки жилдли “Ан-Нашр фий ал-қироот ал-ашр” номли асарини таълиф этадилар. Ҳижрий 805 йили бобокалонимиз Амир Темур у зотни  Румдан  Мовароуннаҳр диёрига олиб келади. Кеш (ҳозирги Шаҳрисабз) шаҳрида Соҳибқирон салтанати остида ҳаёт кечирадилар. Кеш ва Самарқанд аҳолисининг бир жамоаси у зотдан таҳсил олади. Амир Темур бу буюк имомга доимо ҳурмат-эҳтиром кўрсатиб, улуғлар эдилар.

Кешда Абдулқодир ибн Тилла ар-Румий, Ҳофиз Боязид Ке-ший ва Ҳофиз Маҳмуд ибн Муқрийлар у кишидан ўн хил қироат илмини ўрганиб, қироатлар шайхлари унвонини олишади.

Ҳикоя қилинишича, Имом Муҳаммад Жазарий Румдан Самарқандга келганларида Соҳибқирон катта базм уюштира-дилар. Унга таклиф этилган амир ва зодагонларга чап тараф-дан, олимларга эса, ўнг тарафдан жой ажратишни буюради. Имом Жазарийга эса уламоларга ажратилган жойнинг олд қисмидан, Аллома Саййид Шариф Журжонийдан7 юқорироқ-дан ўрин ҳозирлашга амр қилади. Сабаби сўралганида, Со-ҳибқирон: “Китоб ва суннат билимдони бўлган зотни ҳурмат қилмай бўладими?!” дея жавоб берган эканлар.

Аллома Муҳаммад Жазарий Амир Темур вафотларидан сўнг, ҳижрий 807 йили Мовароуннаҳрни тарк этиб, Хуросон-нинг Ҳирот шаҳрига сафар қиладилар. У ерда ҳам кўпчиликка ўн хил қироатдан дарс берадилар. Сўнг Яздинга қайтиб келганларида, у ерлик аҳолининг ҳам бир гуруҳи у зот қбир гуруҳи у зот қўли-да ўнта қироатни мукаммал ўрганади. Ҳофиз ал-муқрий ал-фозил Шамсиддин ибн Муҳаммад ад-Даббоғ ал-Бағдодий шулар жумласидандир. Кейин Асбаҳонга сафар қиладилар. У ерда ҳам аҳолининг кўпчилиги у зотдан сабоқ олади. Ҳиж-рий 808 йили Рамазон ойида Шероз   шаҳрига етиб келадилар. Юрт султони Бир Муҳаммад у зотни ўз диёрида олиб қолиш мақсадида унга қозилик вазифасини топширади. Шундай қилиб, у ерда ҳам бир оз муддат қоладилар. Бундан кўпчилик яхши фойдаланиб, у зотдан қироат илмини ўрга-нади. Ҳаж ибодатини адо этиш ниятида Басра орқали йўлга чиқадилар. Икки довон ошиб, Унайза шаҳрига етгач, Бани Лом аъробийлари у зотни тутиб, бор нарсаларини тортиб олишади. Унайзага қайтиб, у ерда учта қироатга бағишлаб “Ад-Дурра” номли назмий асарини ёзади. Сўнг Аллоҳ таоло унга ҳаж ибодати амалини адо қилишни насиб этади. Ҳара-майн аш-шарифайнда бир муддат истиқомат қиладилар. Шу муддат ичида ҳам кўпчилик у зотдан таълим олади. Қоҳира ва Яманга бир неча марта сафар қиладилар. Сафар давомида ўзлари илм олишлари билан бирга жуда кўп инсонларга қи-роат, ҳадис ва бошқа илмлардан таълим берадилар.

Имом Жазарийнинг устозлари кўп бўлиб, энг машҳурлари қуйидагилардир:

1. Шайх Аҳмад ибн Иброҳим Таҳҳон.

2. Қози Аҳмад ибн Ҳусайн ал-Ҳанафий.

3. Аллома Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн ас-Соиғ.

 

4. Аллома Абу Муҳаммад Абдулваҳҳоб ибн Саллор.

5. Шайх Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Солиҳ.

6. Ҳофиз Абул Фидоъ ибн Касир.

7. Шайхулислом Сирожиддин ал-Булқийний ва бошқалар.

Муҳаммад Жазарий замонасининг кўзга кўринган олимларидан таълим олиш билан бирга ўзлари ҳам кўплаб шогирд етиштирганлар. Уларнинг энг машҳурлари қуйидагилар:

1. Ўғиллари Аллома Абу Бакр Аҳмад ибн Муҳаммад.

2. Шайх Маҳмуд ибн Ҳусайн ибн Сулаймон аш-Шерозий.

3. Шайх Абу Бакр ибн Мусбиҳ ал-Ҳимавий.

4. Шайх Абдуллоҳ ибн Қутб ал-Байҳақий.

5. Шайх Аҳмад ибн Маҳмуд ибн Аҳмад ал-Ҳижозий.

6. Шайх ал-Хатиб Мўъмин ибн Али ар-Румий.

7. Шайх Юсуф ибн Аҳмад ал-Ҳабаший.

8. Шайх Али ибн Иброҳим ибн Аҳмад ас-Солиҳий ва бошқалар.

 

Имом Жазарий илмий фаолиятлари давомида тафсир, ҳадис, фиқҳ, тарих ва араб тили грамматикаси каби турли фанларга доир етмишдан ортиқ илмий асар тасниф этганлар. Уларнинг кўплари қироат ва тажвид илмига бағишланган. Бугунгикунда у зотнинг асарлари ичида нашр қилинганлари, қўлёзма нусхалари ва бизгача етиб келмаганлари бўлиб, энг машҳур-лари ушбулардир:

 

Қуръон ва қироат илмига доир асарлари:

1. “Усул ал-қироот”.

2. “Таҳбир ат-тайсийр”.

3. “Ал-ақд ас-самийн”.

4. “Фазоил ал-Қуръон”.

5. “Ан-нашр фий ал-қироат ал-ашр”.

6. “Тақриб ан-нашр фий қироат ал-ашр”.

7. “Ат-тамҳид фий илм ат-тажвид”.

8. “Мунжид ал-муқриъийн ва муршид ат-толибийн”.

9. “Таҳбир ат-тайсир фий ал-қироат ал-ашр”.

10. “Ал-иълом фий аҳком ал-идғом”.

11. “Ал-қироот аш-шозза”.

12. “Ал-ақд ас-самийн фий алфоз ал-Қуръон ал-мубийн”.

13. “Туҳфат ал-ихвон фий ал-хулф байн аш-шотибиййа ва ал-унван”.

14. “Ат-тавжиҳ фий усул ал-қироат”.

15. “Ал-иҳтидаъ ила маърифат ва ал-ибтидо”.

16. “Ҳидаят ал-барара фий татимма ал-ашара”.

17. “Ад-дурра ал-музиййа фий ал-қироот ас-салоса ал-марзиййа”.

18. “Ниҳоя ад-дироёт фий асмоъи рижол ал-қироот”.

19. “Ғоя ал-маҳаро фий аз-зиёда ала ал-ашара”.

20. “Ғоя ан-ниҳоя фий табақот ал-қурро”.

21. “Манзума ал-муқаддима фиймо яжибу ала қориъил Қуръа-ни ан яъламаҳ” (ёки “Ал-Муқаддима ал-Жазариййа”).

 

Ҳадис илмига доир асарлари:

1. “Ал-бидоя фий улум ар-ривоя”.

2. “Ал-ҳидоя ила улум ар-ривоя”.

3. “Муқаддима фий ал-ҳадис”.

4. “Ат-тавзиҳ фий шарҳ ал-масобийҳ”.

5. “Ал-ҳисн ал-ҳасийн мин каломи Саййид ал-мурсалийн”.

6. “Ал-қосд ал-Аҳмад фий рижоли муснади Аҳмад”.

7. “Ал-Фавоид ал-мужтамаъ фий завоид ал-кутуб ал-ар-баъа”.

8. “Тазкира ал-уламо фий усул ал-ҳадис”.

17 Имом

 

Фиқҳ илмларига доир асарлари:

1. “Ат-такрийм фий ал-умрат мин ат-таънийм”.

2. “Шарҳ минҳож ал-усул”.

3. “Ғоят ал-муно фий зиярот ал-мино”.

 

Наҳвга (араб тили грамматикаси) доир асарлари:

1. “Ал-жавҳара фий ан-наҳв”.

2. “Ал-исоба фий лавозим китоб”.

3. “Ал-иътироз ал-мубдий”.

 

Тарихга доир асарлари:

1. “Мухтасару тарих ал-Ислом”.

2. “Зот аш-шифо фий сийрат ал-мустафо” (манзума).

3. “Зот аш-шифо фий сайрат ан-набий сумма ал-хулафо”.

4. “Зайлу табақот ал-қурро”.

5. “Ал-мавлид ал-кабийр фий ас-сийрат.”

6. “Тарих ал-Жазарий”.

7. “Ат-таъриф бил-мавлид аш-шариф”.

8. “Табақот ал-қурро”.

 

Турли мавзуларга доир асарлари:

1. “Минҳож ал-вусул ила илм ал-усул”.

2. “Фазлу Ҳиро”.

3. “Ал-ижлоъ ва ат-таъзийм фий мақоми Иброҳим”.

4. “Мухтор ан-насиҳа биадиллат ас-саҳиҳа”.

5. “Ар-рисола ал-баёниййа фий ҳаққи абавай ан-Набий”.

6. “Вазийфату маснуна” ва бошқалар.

 

Қироат илмининг беқиёс олими Муҳаммад Жазарий сермазмун умрларининг охирини Шерозда ўтказдилар. У зот ҳижрий 833 йили рабиул аввал ойининг бешинчи, жума кунининг тонгида 82 ёшда вафот этдилар ва ўзлари қурдир-ган “Дорул Қуръон” мадрасасига дафн қилиндилар. У зотнинг жанозаларига катта-ю кичик, хосу авомдан иборат жу-да катта жамоат йиғилди. Аллоҳ таоло у зотдан рози бўлиб, раҳматига олсин ва ётган жойларини мунаввар қилсин!

 

Обидхон ИКРАМОВ

“Ҳидоя” ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси