САЁҲАТ ҚИЛИНГ – САЛОМАТ БЎЛАСИЗ!

09:51 24 Март 2018 789

САЁҲАТ ҚИЛИНГ – САЛОМАТ БЎЛАСИЗ!

Билим юрти раҳбарияти ташаббуси билан “Ички туризмни жадал ривожлантиришни таъминлаш чора тадбирлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 7 февралдаги қарорига мувофиқ ички туризмни ривожлантириш жараёнида фаол иштирок этишни таъминлаш мақсадида 2018 йил 18 март куни “Фарғона водийсининг диққатга сазовор жойлари” бўйлаб 1 кунлик зиёрат саёҳати ташкил этилди.

Саёҳатнинг ташкил қилишдан асосий мақсад юртимизнинг диққатга сазовор тарихий обидалари, муқаддас қадамжолари ва бой тарихий манзилгоҳларни ўрганиш ҳамда юртимизда олиб борилаётган кенг қамровли ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни шаҳарлар мисолида кўрсатиш ва талабалар қалбида ватанпарварлик, миллий ғурур ва ифтихор ҳиссини янада ривожлантиришдир.

Ташкил этилган зиёрат саёҳати ихтиёрий бўлиб, саёҳатга билим юртининг талабаларидан истак билдирганлари иштирокларида бўлди.

Талабаларга саёҳат жараёнида билим юртининг мутахассис ўқитувчилари раҳбарлик қилдилар. Зиёрат асносида ўқитувчилар талабаларга аҳоли манзилгоҳларини номларини келиб чиқиши (топономикаси), диққатга сазовор жойларни, тарихий обидалар ва иншоотлар ҳақида ўзларининг қимматли маълумотларини бериб боришди. 

Саёҳат режага кўра Қўқон шаҳридаги диққатга сазовор жойлар – “Қўқон хонлиги” ўрдаси, “Муқимий ҳужра” музейи, Халқ амалий санъати музейи, Қўқон жомъе масжиди каби муқаддас қадамжолар ва меъморий обидалар, уй музейларига ташриф буюрилди.

Куннинг иккинчи ярмида Марғилон шаҳрида етишиб чиққан буюк алломалар Бурхониддин Ал-Марғилоний ҳамда Ахмад Ал-Фарғонийларнинг рамзий ёдгорликлари зиёрат қилинди. Ўқитувчилар томонидан бу икки буюк алломани ислом олами ва бутун дунё цивилизациясига қўшган улкан ҳиссаси ҳамда мустақиллик йилларида уларни номларини абадийлаштириш мақсадида олиб борилган бунёдкорлик ишлари ҳақида батафсил маълумотлар берилди.

Ташкил этилган саёҳатдан талабалар бениҳоя мамнун бўлиб, келгусида яна шундай саёҳатларни уюштириш ташаббусини қўллаб қувватладилар.

Саёҳат ўзлигимизни англаш, Ватанга садоқат, аждодларга ҳурмат руҳида яна бир қадам бўлди.

 

Билим юрти матбуот хизмати