"ҲИДОЯ" АТАМАСИ: КЕЧА ВА БУГУН

15:23 01 Март 2018 881

Ҳидоя сўзи араб тилидан ўзлаштирилган сўз бўлиб, тўғри йўлдан етаклаб бормоқ, тўғри йўлга йўналтирмоқ маъноларни билдиради. Ҳидоя сўзининг ҳидоят, ал-ҳидоя, ҳуда ва ҳадй каби шакллари ҳам бир маънода тушунилади.    Умумий маънода ҳақиқий соф эътиқод йўли, залолатнинг қарама-қаршисидаги йўл, Аллоҳ таоло ўз бандалари учун кўрсатган энг тўғри йўл маъноларини ифодалайди. Ана шу маънолар эътиборидан ислом тарихида маълум соҳаларда ёзилган, катта аҳамиятга эга деб билинган асарларга муаллифлари томонидан “Ҳидоя” номини бериш ҳолатлари кўзга ташланади. Кашфуз Зунун китобининг муаллифи гувоҳлик беришича луғат, қироат, тажвид, балоғат, фиқҳ, наҳв, калом, фуруъий масалалар, тиб, усул каби фанларда асосий қонун-қоидаларини баён қилиб берган “Ҳидоя” номли асарлар мавжуд. Буюк ватандошимиз Бурҳониддин Марғилоний ҳам ўзларининг фиқҳ фанига оид шоҳ асарларини  Ҳидоя деб номлаганлари барчага маълум. Ҳозирда ҳам дунё ҳамжамиятида кўплаб ташкилот ва муассасалар, газета ва журналлар ҳам шу ном остида фаолият юритади.

“Ҳидоя” сўзининг ана шундай сермазмун ва кенг маъноси, соф ислом таълимотларини мўъмин-мусулмонларга етказишдаги аҳамияти ҳамда ислом тарихида тутган юксак мавқеини эътиборга олиб, Наманган вилоятида фаолият олиб бораётган собиқ “Мулла қирғиз” ўрта махсус ислом билим юртининг номи “Ҳидоя” деб ўзгартирилган эди.

Бугун яна бир янгилик “Ҳидоя” ўрта махсус билим юрти интернет тармоғида ўзининг расмий сайтини ишга туширди. Яхши ният ва катта умидлар билан бу сайтни ҳам “Hidoya.uz” деб номланди.

“Hidoya.uz” сайтини очиш ва уни юритишдан мақсад келажакда Юртимиз аҳлига, мўмин-мусулмонларига соф ислом таълимотларини етказиш, ўсиб келаётган ёш авлодни баркамол бўлиб улғайишида, уларнинг қалбида эл-юрти, халқи ва Ватанига муҳаббат уйғотишда амалий ёрдам бериш, жамиятимизни “Оммавий маданият” гирдобидан, азалий қадриятларимизга мос келмайдиган фикр ва ғоялар, ўзлигимиз ва қадимий анъаналаримизга путур етказадиган иллатлардан ҳимоя қилиш, ота-боболаримизнинг тутган йўли ва қолдирган бой илмий меросини ўрганиш ва ўргатишдир.

Аллоҳ таоло қилган ният-мақсадларимизга мушарраф қилсин, бу янги ташкил этилган диний-маърифий сайтни ҳам юртимиз аҳли учун фойдали қилсин. Илм-маърифат, зиё таратувчи  маскан бўлсин.  

 

 

Абдулбоқий Турсунов, 

Билим юрти тафсир фани ўқитувчиси

 

Tags:   span , class