АЗИЗ ГЎШАМ ВАТАНИМ

16:25 10 Март 2018 984

Ватан менинг жону таним, саждагоҳимдур.

 У менинг тўлин ойим, тинч омоним, иззатим, шарафим,

Каъбам, қиблам ҳамда гулистонимдур.

Фитрат


         Ватан – бу менинг тасаввуримда туғилиб ўсган азиз гўшам, аждодларимизнинг киндик қони тўкилган тупроқ. Ушбу сўзни таърифлашга тилим жудаям ожизлик қилади. Бу сўзни эшитганимда этим жимирлаб сеҳрли бир туйғуни ҳис қиламан. Менимча, ҳеч бир мамлакатда Ватанга муҳаббатдан қудратлироқ бирон-бир туйғу ва унинг соғинчидан-да кучлироқ ҳис йўқдек. Ватан инсон учун бебаҳо бойлик, Ватаннинг борлиги одамга улкан ғурур, ифтихор бахш этади. Чунки инсоннинг энг покиза ва муқаддас туйғулари ўзи туғилган, вояга етган замин – Ватани бағрида уйғонади, камолга етади. Киши қадрдон юртида ўзини озод ва эркин ҳис килади. Эл-юртимиз ҳамиша тинч ва осойишта. Оилалари мустаҳкам ва фарзандлари соғ-саломат камолга етмокда. Аммо ушбу мўъжаз ер ҳақида қанча гапирсак, хам оз.

Мустақиллигимиз байрами, "Қадр-қимматим, таянчим ва ифтихоримсан, мустақил Ўзбекистон” дея эзгу ғоя асосида аталганида ҳам бир олам маъно бор. Сабаби, мамлакатимизнинг хар бир қаричи бизнинг қадримиз ва қимматимиздир.

Бугун мамалакатимиз бўйлаб буюк бобомиз ва ифтихоримиз соҳибқирон Амир Темур ҳазратларининг боқий руҳи сокин кезиб юрибди. Эл-юрт озодлиги йўлида жонини фидо қилган Жалолиддин Мангуберди, Бобораҳим Машраб каби эркпарвар авлодлар машъаласидай нур таратмокда. Шу билан бирга бугун юртимизда тантана, шоду хуррамлик. Шу билан биргаликда, ўз қадр-қимматимиз, миллий давлатчилигимиз, маданиятимиз, муқаддас қадриятларимиз, тилимиз ва албатта, инсонпарвар ва мехмондўст халкимиз ягона халк, ягона миллат бўлиб жаҳон хамжамиятида ўзимизга муносиб обрў-эътибор қозонишимизга имкон яратди.

Энди биз тақдиримизни ўз қўлимизга олдик. Ахир бундан-да ортиқ бахт-саодат бормикан, қайси давлатни қараманг, хеч қайси биридан кам жойимиз йўқ, ахир бундан ортиқ халқпарварлик ва имкониятлар бормикан? Муқаддас "Авесто”ни эслаганда Бухоро ва Самарқанд, Шаҳрисабз ва Хивадаги, Насаф ва Термиздаги тарихий обидаларни қўрганда, гўзал Наманганимизни кезганда, муаззам пойтахтимиз Тошкентнинг бугунги жамолини кўрганда қай биримизнинг қалбимизда миллий ғурур, миллий ифтихор туйғулари жўш урмайди?

Аслида, Мустақиллик йилларида эришилган ва ҳозирги бутун дунё эътироф этаётган ютуқларимиз ҳақида сўзлар эканмиз, бунинг замирида халқимизнинг бунёдкорона ва фидокорона меҳнати ётганини таъкидлаш керак. Шу билан бир қаторда Мирзо Улуғбек, Абу Райҳон Беруний, Ал-Фарғоний , Ибн Сино, Фаробий, Нақшбандий, Ал-Бухорий, Мотрудий, Ғиждувоний, Термизий боболаримиз қолдирган буюк мерос кўнгилларимизни фахрга тўлдириб, боқийлик касб этаётир. Ишонч билан айта оламизки, биз ким Ўзбекистон халқи ана шундай зотларнинг авлодимиз. Шоир айтганидек, бир томчи қон бизга уларникидан қўшилган, беқиёс салоҳият эгаларининг бугунги авлодига юксак мақсадлар қўйишга тўла хаққи бор. Ўлмас меросимиз, умуминсоний қадриятларимиз эса бизга бу йўлда сарчашмадир. Бугун амалга оширилаётган улуғвор ишларни сарҳисоб қилиб айтадиган бўлсак, унинг дунёдаги ривожланган давлатлар қаторига қўшилишига заррача шак-шубҳа йўқ. Ҳадемай буюк Ватанимиз – Ўзбекистоннинг ҳамда гўзал Наманган қиёфаси тамомила ўзгариб кетади. Насиб этса, ҳаммамиз бунинг гувоҳи бўламиз.

Барча муваффақиятларимиз халқимизнинг жипслашгани ва қудратли давлат, демократик жамият йўлидан оғишмай бораётгани билан боғлиқ ҳамдир. Бугун она-юртимизнинг миллионлаб фарзандлари: "Бу муқаддас замин – менинг Ватаним,аждодларимнинг табаррук ҳоки ётган бу тупроқни ҳимоя килиш учун сўнгги томчи қоним қолгунча қурашишга тайёрман”, деган азму қарор билан яшамоқдалар. Шу жумладан, мендек Наманган фарзандида ҳам шундай ният ва истак бор. Зеро, истиқлолимиз тақдири, халқимизнинг тинчлиги, осойишталиги, эртанги куни ҳар биримизга боғлиқ.

 

Алишер Анваров, Ҳидоя ўрта махсус Ислом билим юрти ўқитувчиси