ЁШЛАР ТАРБИЯСИ - ШАРАФЛИ МАСЪУЛИЯТ

19:12 26 Март 2018 1801

ЁШЛАР ТАРБИЯСИ – ШАРАФЛИ МАСЪУЛИЯТ

Барчамизга маълумки, ҳар бир ота-она ўз фарзандларининг истиқболи, бахт-саодати ва келажакда мустақил ҳаёт кечириб, жисмоний, маънавий ва руҳий жиҳатдан баркамол авлод бўлиб етишишини ният қилади.

Диний қадриятларимизда ёшларни асосан ростгўйлик, ваъдага вафо, омонатдорлик, каттага ҳурмат, кичикка иззат, ўзгаларга меҳр-оқибатли бўлиш каби фазилатлар соҳиби қилиб вояга етказишга катта аҳамият қаратилади.

Буюк аждодимиз Имом Термизий ривоят қилган ҳадисда: “Ота ўз боласига чиройли одобдан кўра яхшироқ нарса бера олмайди”  деб айтилган.

Ёшларнинг жисмонан бақувват, танлари соғлом, ғайратли ва шижоатли бўлишларида жисмоний тарбиянинг аҳамияти каттадир. Ислом дини таълимотида жисмоний тарбия тушунчаси замирига нафақат бадан тарбия машқлари билан шуғулланиш балки, инсон саломатлиги учун зарур бўлган барча омилларга риоя қилиш, айни пайтда саломатлик учун зарарли, балки ҳаёт учун хавфли бўлган иллатлардан сақланиш назарда тутилади.

Ёшларни ақлан тарбия қилиш ҳам муҳим масала саналади. Бунда уларни манфаатли илм соҳиби қилиб тарбиялаш, фикрий ва илмий жиҳатдан етук инсон қилиб камолга етказиш назарда тутилади.

Ёшлик даврининг эътиборга молик жиҳатлари жуда кўп. Ўспиринлик вақти инсоннинг феъл-атвори ва руҳияти шаклланадиган асосий давр бўлиб, айни шу даврда уларга алоҳида аҳамият қаратмоқ лозим. Жумладан, ёшларни солиҳ кишилар билан дўсту биродар бўлишларини таъминлаш зарур.

Буюк бобакалонимз Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда,  “Яхши ҳамсуҳбат билан ёмон ҳамсуҳбатнинг мисоли мушки анбар сотувчи билан темирчининг босқонига ўхшайди. Мушки анбар сотувчи атридан совға қилиши ёки ундан сотиб олишинг, ҳеч бўлмаса унинг хушбўйидан баҳра олишинг мумкин. Аммо, темирчининг босқони эса, ё кийимингни куйдиради, ҳеч бўлмаса тутуни димоғингни ачитади”. Халқимизда: “Қозонга яқин юрсанг қораси юқади” деган нақл ҳам бор. Ҳасанул Басрий бир куни одамларга: “Экин пишиб етилгандан сўнг нима қилинади?” деб савол бердилар. Улар - Ҳосили йиғиб олинади, дейишди. Шунда Ҳасанул Басрий: “Шуни билингларки, гоҳида экин пишиб етилмасидан олдин унга офат (касаллик) етиши ва уни нобуд қилиши ҳам мумкин”, деб ёшлар тарбиясига эътиборли бўлишга, кишининг ёшлик даврини қандай ўтказиши унинг келажакда ким бўлиб етишишида муҳим ўрин тутишига ишора қилдилар. Ёшлик даври қалбнинг мусаффолигини сақлаш, уни имон ва илму маърифат нури билан тўлдириш учун энг қулай фурсатдир.  

 

Шавкатжон МАДАМИНОВ,

"Ҳидоя" ўрта махсус ислом

билим  юрти ўқитувчиси