ТАРБИЯ САНДИҚЧАСИ

11:15 23 Март 2018 1396

ТАРБИЯ САНДИҚЧАСИ

  Замонавий тараққиёт асрида ҳар сонияда янгидан – янги ихтиролар кашф этилаётгани барчамизга сир эмас. Ахборот алмашинуви жадал суратларда ўсиб бораётгани, дунёнинг турли бурчакларидаги юз бераётган воқеа – ҳодисалар ҳақида маълумотга эга бўлиш бир зумда амалга оширилаётгани қувонарли, албатта.

  Ҳозирда маълумот тарқатувчи воситалар тури жуда кўпаймоқда. Радио, газета, мобил алоқа воситалари, интернет тармоғи дейсизми, қўйингки барчасидан исталган турдаги янгилик ёки хабарни билиб олиш кундан – кунга осонлашиб бормоқда. Шу воситалардан бири  телевизор ва телевидениядир.

  Бугунги кунда қайси бир хонадонга кирманг, уй тўрида осиб қўйилган ёки бурчакда бежиримгина бўлиб турган телевизорга кўзингиз тушади. Албатта бу жуда яхши. Телевизор орқали намойиш этиладиган турли дастурлар, телебеллашувлар, маданий ҳордиқ чиқариш учун хизмат қиладиган кўрсатувларни томоша қилиш кишига завқ бағишлайди. Лекин шулар билан бир қаторга ҳозирда эфирга узатилаётган кўрсатувлардан маънавий озуқа олишдан кўра инсон онгини кераксиз маълумотлар билан тўлдириш кучлилиги яққол сезилиб туради. Синов тариқасида жонажон пултимизни қўлга олиб телевизорни ёқсак кифоя. Бир канал орқали чет эл фантастик киноси, бошқасида зўравонликлар ёки динимиз ва миллатимиз урф – одатларига тўғри келмайдиган лавҳалар тасвирланган сериал намойиш этилаётганини кўрамиз. Ёшларимиз ҳозирги кунда одоб – ахлоқ, кийиниш, муомала маданиятига тескари ишларни қаердан ўрганяпти экан?! Шубҳасиз шу сериал ёки кинодан. Ғарбда бонг уриб “Оммавий маданият” деб номланаётган, аслида инсонийлик табиатига асло тўғри келмайдиган феъл – атворларни ёшлар онгига сингдириш воситаларидан бирига айланиб бормоқда.

  Телевизор орқали фантастик кинони кўраётган ёш болани тасаввур қилайлик. У томоша қилаётган киносидаги бош қаҳрамон сиймосида ўзини гавдалантириши табиий ҳол. Қаҳрамон бажараётган турли ҳаракатлар, машқлар, душманлари билан бўлган жанг саҳналарни ўзи ҳам қилиб кўришни хоҳлайди. Қаҳрамон ҳар қандай шароитдан тирик чиқиб кета олишини болакай ҳаётийлик деб тушунади. Оқибатда қаҳрамондан ўрнак олиб ўйнаш асносида ўзига ёки ўртоқларига турли даражада тан жароҳатлар етказаётгани айрим ҳолларда болалар нобут бўлаётгани жуда ачинарлику. Мени болам ундай эмас дейдиган ота – оналар учун, фарзандингиз телевизор томоша қилаётганида уни ўчириб қўйсангиз тарбиянгиз қай даражада самара бераётганини ўзингиз кўрасиз.

  Ёшларнинг кийиниш маданиятидаги туб бурилишларга ҳам маълум жиҳатдан намойиш этилаётган сериалдаги қаҳрамонларнинг кийиниш услублари сабаб бўлмоқда десак хато бўлмайди. Эркаклар аёллардек, аёллар эркаклардек кийинишининг одатий тусга айланиб бориши фожеа эмасми? Зеро, Ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи вассалам: “Ким ўзини бир тоифага ўхшатса, ана шу тоифадан бўлиб қолади” деганлар.

  Бош мавзуни нега “Тарбия сандиқчаси” деб номладик, ахир тарбияни ота – она, устоз беради дерсиз? Сиз ҳақсиз. Ҳақиқий тарбияни фақат шу инсонлар беришади. Биз эса тарбияга ёрдам берувчи ёки аксинча уни бузувчи бир восита ҳақида сўз юритмоқдамиз. Ойнайи жаҳон бу бир олам. Унда яхши – ю ёмон бир – бирига яқин жойда жойлашган. Инсон маданиятини оширувчи кўрсатувлар, ҳар кунги Ўзбекистон ва дунё янгиликларидан доимо бохабар бўлиш ҳаммамиз учун керак. Айниқса, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ҳар соҳада олиб бораётган ислоҳотларини ўз вақтида англаб етишимиз зарур. Шунда телевизор бизга ёрдамга келади.                       

  Ёшларимизни тўғри тарбия қилиш учун нима қилиш лозим? Уларни техника воситаларидан узиб қўйишнинг асло иложи йўқ-ку. Шунда бизда Президентимиз таъкидлаганларидек китоб мутолааси ҳақиқий кўмакчи бўлади. Ўсиб келаётган ёш авлодга китоб ўқиш завқи нақадар ажойиб эканлигини сингдира олиш ҳозир биз учун жуда муҳим. Хўш буни қандай амалга оширамиз? Ёшларимиз китоб ўқишдан анча йироқлашиб кетган, ахборот олишнинг осон йўли бўлган воситаларга тобора берилиб кетаётган бўлсалар! Бунинг йўлларидан бири фарзандларимизни китоб ўқишга ундаб аввал ўзимиз намуна сифатида шу ишни бажаришимиз, уларни ёнимизга чақириб китоб ўқиб беришимиз, мустақил ўқишлари учун бадиий, тарихий мазмундаги китобларни бериб ўқиб тугатганларида уларни рағбатлантиришимиз зарур. Ахир инсон маънавиятни, билимни китоб ўқиш орқали ҳосил қилинади мазмунсиз сериал ёки киноларни кўриб эмас. Биз Ислом динимиз, милатимизнинг ифтиҳори бўлган буюк бобокалонларимиз билан фахрланиб уларни тилдан қўймаймиз. Дарҳақиқат, улар ҳали Европа уйқуда бўлган пайтда юлдуз санаганлар, денгиз ортида янги қитъа борлигини айтганлар, Ислом ҳадисшунослиги, фиқҳшунослиги, ақида масалалари, ижимоий ва аниқ фанлар қўйингки қайси бир соҳада бўлсин иш олиб борган аждодларимиз исмини баралла айта оламиз. Афсуски, тилимиздан тушмайдиган боболаримизга муносиб бўлаяпмизми? Уларга муносиб издош бўлиш учун кераксиз нарсаларни тарк қилишимиз ва аввало нима фойда – ю нима зарар эканини тушуниб олишимиз лозим.

 

Абдурашид МАДРАҲИМОВ,

 “ҲИДОЯ” ўрта махсус ислом билим юрти 2-босқич талабаси