Жаннат райҳонлари

13:59 01 Июнь 2020 542

Фарзанд дунёдаги берилган неъматлар ичидаги энг орзу қилинганидир. Инсон борки ўзидан солиҳ насл қолдириш умр мазмунини шу фарзанди билан гўзаллаштиришга ҳаракат қилади. Фарзанд қалб райҳони, гулидир. Ёшлик чоғларида уларни эркалаб кўнглимиз ҳузур қилади. Катта бўлганларида ёрдамларидан баҳраманд бўламиз. Вафот қилганимиздан кейин эса уларнинг саъй-ҳаракатлари туфайли номаи аъмолимиздаги савобларимиз зиёда бўлади. Фарзандга меҳр бериш нафақат инсониятга балки барча махлуқотларга берилган.

Исломдан аввал араб қабилаларида фарзандларни қиз фарзандни хақирлаш, ўғил бола туғилиши билан уни кўкка кўтаришдек салбий иллатлар мавжуд бўлган. Аллоҳ  уларни ёмон ҳислатини қуръонда мазаммат қилиб  Нахл сурасининг 58-59 оятларида шундай марҳамат қилади: “Қайси бирларига қиз (кўргани ҳақида) хушхабар берилса, ғазаби келиб, юзлари қорайиб кетади. У (қиз)ни камситган ҳолда олиб қолиш ёки (тириклай) тупроққа қориш (тўғрисида ўй суриб), ўзига хушхабар берилган нарсанинг «ёмон»лигидан (орият қилиб) одамлардан яшириниб олади. Огоҳ бўлингизки, уларнинг бу ҳукмлари жуда ёмондир”. 

Демак, мўмин мусулмон банда фарзанди қиз бўладими, ўғил бўладими  Аллоҳ томонидан берилган неъмат деб қабул қилиб,  шукрона айтмоғи керак. Шу ўринда Оиша розияллоҳу анҳо онамиз: “Саҳобалар фарзанд кўришган хушхабарини айтганларида, Пайғамбармиз саллаллоҳу алайҳи васаллам уни қиз ва ўғиллигини сўрамас эдилар. Уни умрига ва ризқига барака тилаб дуо қилар эдилар”-  деганлар.

Яна бир бошқа ҳадисда: Оиша розияллоҳу анҳо дедилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурига болаларни олиб келинар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларнинг ҳаққига дуо қилар эдилар. Бир болани олиб келганларида у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг кийимларини “хўл” қилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сув олиб келишни буюрдилар ва у сувни “хўллик” устидан қуйдилар. Бироқ, “хўллик” ни (сиқиб) ювмадилар” (Имом Бухорий ривояти).

 Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу деди: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳасан ибн Алийга тилларини чиқарар, бола уни қизиллигини кўриб кулар эди” (“Ас–силсилатул-саҳиҳа2, ҳадис: 70).

Анас розияллоҳу анҳу деди: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Умму Саламанинг қизи Зайнабни эркалатар эканлар: “Зайнабча, Зайнабча” — деб бир неча марта такрорладилар” (ал-Аҳадисус-саҳиҳа»: 2141. «Саҳиҳул-Жомеъ»: 5052).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг болаларга бўлган шафқатлари шу даражада эдики, ибодат асносида қизлари Зайнабнинг қизи Умомани кўтариб намоз ўқир, сажда қилмоқчи бўлсалар, ерга кўяр эдилар. (Буҳорий ва Муслим ривояти.)

Демак юқоридаги ҳадислардан келиб чиқиб, ҳар бир ота-она фарзандлари гўдаклик вақтидан унга умрини ажратиш ва улар билан болалик давриданоқ гўзал муомала қилиш инсоний бурчимиз экан.

Аллоҳ таоло барчаларимизни ҳидоят йўлида барқарор айлаб, залолат йўлидан Ўз паноҳида асрасин. Фарзандларимизни солиҳ зурриётлардан қилиб, элимиз, юртимизга манфаатли, содиқ кишилардан бўлишини насиб айласин.

 

“Ҳидоя” ўрта махсус ислом

билим юрти ўқитувчиси,

 Наманган вилоят вакили

ўринбосари: Обидхон Икрамов