ОЛАМЛАРГА РАҲМАТ ПАЙҒАМБАР

14:17 28 Октябрь 2020 280

Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (с.а.в)га умматман деган ҳар бир одам, у зот алайҳиссаломни ўз ота-онасини танигандек билиши лозимдур.   

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари араб наслидан, Қурайш қабиласи, Бани Ҳошим уруғидан бўлиб, асл исмлари Муҳаммаддир (соллаллоҳу алайҳи васаллам). Туғилган жойлари Арабистонда Макка шаҳри ҳисобланади. Оталари Абдуллоҳ, Абдуллоҳнинг отаси Абдулмутталиб, унинг отаси Ҳошим, унинг отаси Абдуманофдур. Ушбу тўрт оталарини билишлик ҳар бир мусулмонга лозимдур. Ўн биринчи оталари  Қурайш, йигирма биринчи оталари Аднондур. Пайғамбаримизнинг юқориги оталари Иброҳим Халилуллоҳдур. Оналарининг исми  Оминадур. Пайғамбаримиз ота-оналаридан ёлғиз туғилган, тўнғич ўғилдур. Чунки пайғамбаримиз она қорнида икки ойлик бўлган чоғларида оталари Абдуллоҳ Шом сафарига кетаётиб, Мадина шаҳрида вафот топдилар, ёшлари ўттизга етмаган эди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳазрати Исо алайҳиссаломдан 571 йил кейин туғилдилар. У замонда Эрон мамлакатида машҳур Нўширавон Одил подшоҳ эди. Пайғамбаримизнинг одил подшоҳ замонида туғилдим, деган сўзлари кўплаб тарих китобларда ривоят қилинган. Раббиул-аввал ойининг 12 куни, душанба кечаси, саҳар вақтида дунёга келдилар. Она қорнида ётишлари, онадин туғилишлари бошқа болалардек бўлмади. Оналари Омина ҳам ғомиладорлик вақтида бошқа аёлларда содир бўладиган қийинчиликларни сезмади, Она қорнида 6 ойлик бўлганларида «Худонинг дўсти, охирзамон Пайғамбарига ҳомиладор бўлдинг, бу муборак ўғилнинг исми Муҳаммад бўлсин — деб Оминага тушларида башорат бўлди.  Туғилиш ой-кунлари тамом бўлганда Аллоҳнинг қудрати билан ҳазрати Марям, Фироавннинг хотуни ҳазрати Осиё ва бошқа бир неча ҳур қизлар билан дояликка ҳозир бўлдилар. Бола туққан хотунлардек одатдаги тўлғоқ тортиш, оғриқ, қийинчилик,  қон келишига ўхшаш нарсалардан ҳеч бири бўлмади. Пайғамбаримиз туғилганларида поклик, тозалик билан вужудга келдилар. Киндиклари кесилган, баданлари ёғланган, хуш ислик нарсалар суртилган ҳолда туғилдилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам дунёга келган кечасида ул зотнинг шараф ва ҳурматлари учун Аллоҳ таоло кўп мўжизалар кўрсатди. Ўша даврда  оламда жахолатнинг турли кўринишлари авж олган эди, аввалги пайғамбарларнинг кўрсатган ҳақ динларидан одамлар адашган эдилар. Араб мушриклари тарафидин Байтуллоҳга 360 дона бут осилган эди. Арабларнинг ҳар бир уруғи ўзларига атаб, Байтуллоҳга бир донадан бут осиб қўйишни одат қилган эдилар. Мана шу бутлар Пайғамбаримиз туғилган кечада ҳаммалари юзтубан йиқилиб, ерга тушди. Эрталаб келган кофирлар бу ҳолни кўриб, ҳайрон қолдилар. Шунингдек,  она қорнидан ерга тушган чоғларида бир нур пайдо бўлди, унинг ёруғлиғидан Шом вилоятидаги Бусро деган шаҳарнинг саройлари кўринди. Макка шаҳри билан бунинг оралиғи 50 кунлик йўл эди. Ҳозирги Эрон халқи у замонларда ҳаммалари оташпараст  эдилар. Тутган динлари эса мажусийлар дини — ўтпарастлик эди. Уларнинг ибодатхоналаридаги минг йиллаб, узун замонлардин бери ўчмай, ёниб турган ҳисобсиз ўтлари Пайғамбаримиз она қорнидан тушган чоғларида ўчиб қолди. Яна ул мамлакатда Сова деган бир кўл бор эди, шул кечада ерга сингиб кетиб Самова деган чўлдан қайнаб чиқди. Ул чўл сувга мўл бўлди, кўлга айланди. Мана шунга ўхшаш у кечада бир неча турли мўжизалар пайдо бўлдики, агар уларнинг ҳаммасини келтиришга эҳтиёж сезмадик. Юқорида келтирган баъзи ажойиботлар дарёдан бир томчи, хирмондан бир ҳовуч мисолидадир.

Каттабаев Муҳаммадали

“Ҳидоя” ўрта махсус ислом

билим юрти АРМ мудири