МАЪНАВИЙ ЖИНОЯТЛАРНИНГ ХАТАРЛАРИ

13:42 27 Март 2018 1157

МАЪНАВИЙ ЖИНОЯТЛАРНИНГ ХАТАРЛАРИ 

Биз инсонларга бошқа махлуқотларда бўлмаган тил орқали сўзлаш, фикримизни баён эта олиш имконияти ато этилди. Бу энг улуғ неъматлардан саналади. Динимизда тилни фақат яхшилик йўлида ишлатишимиз, ёмон гапларни сўзлашдан сақланишимиз таълим берилади. Киши тилига жуда эҳтиёт бўлиши, оғзидан чиқаётган ҳар бир сўзи ё унинг фойдасига ёки зарарига ҳужжат бўлиб қолиши мумкин эканлигини асло унутмаслиги лозим.

Ислом динимиз биз мўмин-мусулмонларни бир қанча гуноҳ саналган ишлардан қайтарганки, улар асосан тил орқали содир этилади ва уларни бир сўз билан маънавий жиноятлар деб атаймиз. Ана шундай маънавий жиноятлардан ғийбат, туҳмат, бўҳтон кабиларни санаб ўтишимиз мумкин. Қуръони карим оятлари ва Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг ҳадисларида ушбу гуноҳлардан қатъий қайтарилган.

Ҳадисда айтиладики, Расулуллоҳ (с.а.в.): “Ғийбат нима эканлигини биласизларми?” – деб сўрадилар. Саҳобалар: Аллоҳ ва Унинг Расули билгувчироқдир, дейишди. Расулуллоҳ (с.а.в.):“Биродарингизни унга ёқмайдиган сифати билан эслашингиз”, дедилар. Улар: Агар биродаримизда биз айтган сифат бўлсачи? – деб сўрадилар. Расулуллоҳ (с.а.в.):“Агар унда сиз айтган сифат бўлса, ғийбат қилган бўласиз. Агар сиз айтган сифат унда бўлмаса, у ҳолда бўҳтон қилган бўласиз”, дедилар (Имом Муслим ривояти).

Жамиятда ғийбат, бўҳтон, ёлғончилик каби маънавий жиноятларнинг авж олиши ва турли миш-мишларнинг тарқалиши охир оқибат шу жамиятдаги кишилар ўртасида бир-бирларига нисбатан ўзаро ишончсизлик, ҳатто адоват ва нафратни юзага келтиради.

Пайғамбар (с.а.в.) катта-ю кичик жиноятларнинг олдини олиш мақсадида шундай марҳамат қилганлар: 

“Албатта, қонларингиз, молларингиз ва обрўларингизни тўкиш бир-бирингизга ҳаромдир, ҳудди шу кунингиз, шу ойингиз ва шу ерингизнинг ҳурмати каби. Сизларга етказдимми?!” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Мусулмон сўзининг ўзи барчага тинчлик, яхшилик тиловчи деган маънони англатади. Бир инсонга салом бериб туриб, ортидан ғийбат ёки бўҳтон қилса, у ҳақида туҳмат гапларни тарқатса албатта, бу иши мусулмончиликка зид, балки мунофиқлик саналади.

Ўз навбатида бундай оғир гуноҳнинг жазоси ҳам ўзига муносиб бўлади. Пайғамбаримиз (с.а.в.)дан шундай ҳадис ворид бўлган:

“Меърож кечаси мен бир қавмнинг ёнидан ўтдим. Уларнинг мисдан тирноқлари бўлиб, ўзларининг юзлари ва кўкракларини тирнар эдилар. Мен: Ё Жаброил, булар кимлар? – деб сўрадим. У: Булар одамларнинг гўштини еган (яъни ғийбат қилган), обрўларини тўккан кишилар, деб жавоб берди”.

Шундай экан, дунё ва охиратда хасрату надомат келтирадиган бу каби гуноҳлардан сақланайлик.

Шавкатжон МАДАМИНОВ,

“Ҳидоя” ўрта махсус ислом

билим  юрти ўқитувчиси