МАЪНАВИЙ-МАРИФИЙ КУРАШ

19:59 21 Май 2018 1088

Бугунги кунда юртимизда яшаётган ҳар қайси инсон,
ҳар бир мусулмон дунёда нима бўлаётганидан хабардор
бўлиб,ҳавф-хатарлардан огоҳ бўлиб, уларнинг олдини
олиш, бартараф этиш учун тинчлик ва осойишталикни
мусаҳкамлаш йўлида курашиб яшаши зарурлигини
ҳаётнинг ўзи тасдиқ қилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси биринчи Президенти Ислом Каримов

 

Ислом ниқобидаги диний экстремистик оқим ва ташкилотлар ҳақида гапирганда сўзни аввало динлар, хусусан ислом динининг асл моҳияти ҳақида бошлаш зарур. Ислом дини эзгулик ва яхшиликка қурилган. Бугун мусулмон дунёсининг умумэътироф этилган уламолари буни, бир овоздан қўллаб қувватладилар.

Ислом динининг бош ғояси ва мақсади якка ҳудоликка чорлаш орқали эзгуликка, яхшиликка чақиришдан иборат. Агар Қуръони Каримга мурожат қилсак, бунинг яққол гувоҳи бўламиз: “Аллоҳ ҳузурига фақат соғлом дин билан келган кишиларгина (фойда топур)(Шуаро сураси, 89-оят),

“Эзгулик ва тақво (йўли)да ҳамкорлик қилингиз” (Моида сураси, 2-оят).

Ҳадиси шарифларда ҳам фақат эзгулик мужассам: “Қўли ва тилидан ҳеч ким зиён кўрмаган киши мусулмондир”,

“Умматим ҳеч қачон залолатли ишларга бирлашмайдилар”,

“Одамларни чалғитиб ноҳақ йўлга бошловчи кимсалар дажжолдан ҳам ҳавфлидирлар”.

Одатда ҳар қандай дин пайдо бўлибдики, ундан шахсий, иқтисодий, ижимоий ва сиёсий мақсадларда фойдаланишга уринувчи кимсалар, гуруҳлар, кучлар доимо мавжуд бўлган. Натижада дин,  шу жумладан ислом дини ниқобидаги ақидапарастлик, экстремистик, ҳаттоки, террористик оқим ва гуруҳлар вужудга келган. Мазкур оқимлар таъсирида кейинчалик мусулмон дунёсида кўплаб эксремистик, террористик гуруҳлар пайдо бўлган. Агар бирор кимса ёки ташкилот дин номидан гапириб, ёмонлик, ёвузлик ва зулмни, зарарни ва қабиҳ ишни амалга оширишни кўзласа, демакки, у дин таълимотини нотўғри тушунмоқда. Бу билан унинг ўзи ҳам унга эргашганлар ҳам савобга эмас, аксинча, гуноҳга ботган бўладилар. Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, динлар, ҳусусан ислом динининг асосий манбаалари бўлмиш Қуръон ва ҳадисларда сиёсат ва ҳокимият, давлат бошқаруви ҳақида бирорта оят ҳам, ҳадис ҳам йўқ. Шунинг ўзиёқ диннинг маънавиятга, маданиятга, эзгулик ва гўзалликка қурилганини кўрсатиб турибди. Дин ниқобидаги турли бузғинчи оқим ва гуруҳларнинг жамият барқарорлигига таҳдиди жуда катта. Улар аввало тинч-осойишталикка, миллатлараро ва динлараро тотувликка раҳна солади. Ўзлари билган ёки билмаган ҳолда муайян сиёсий кучларнинг манфаатларига ҳизмат қилиб қўяди ва мусулмон мамлакатларида беқарорлик келтириб чиқаради, изчил тараққиётга путур етказади. Охир оқибатда ўзи туғилиб улғайган, ота-онаси ҳамда қариндошлари истиқомат қилаётган она ватани бошқа кучлар, ҳаттоки давлатлар таъсирига ва измига тушиб қолишига сабабчи бўлади. Бундан, аввало ёшлар огоҳ бўлишлари лозим!

Сўфи Оллоёрнинг “Ақида билмаган шайтона элдир, Агар минг йил амал деб қилса, елдир”- деган ушбу ҳикматли сўзи асрлар ўтсада ўз моҳиятини йўқотмай келмоқда.

Зеро, ўтмишда эътиқоди суст кишилар эргашган, ҳозир ҳам баъзи адашганлар унинг измида юришмоқда. Эндиликда улар ёшларнинг эътиқодига зид, соғлом ақида борасида шубҳага соладиган, баҳс-муназара қиладиган сайтлар очиб, соф эътиқодли ёшларга салбий таъсир ўтказишмоқда.

Юртимизда ғарб ўлкаларидан шиддат билан кириб келаётган, ёшларимиз ахлоқига заҳарли ханжар бўлиб, урилаёган фаҳш ва бузуқликларни тарғиб қилувчи китоблар ва фильмларни фарзандларимиз тарбиясига салбий таъсир кўрсатаётганига ҳам кўпинча бепарводекмиз. Гўёки, бу нарсалар бизларга тааллуқли эмасдек, лоқайдликка бериламиз. Аслида эса шу каби оддий лоқайдлик катта жиноятларга, кулфатларга йўл очиб беришини унутиб қўямиз. Қаерда бепарволик ва лоқайдлик ҳукм сурса, энг зарур масалалар ўзи бўларликка ташлаб қўйилса, оқибати ҳалокатга учраши мумкин. Лоқайд кимсадан ҳеч қачон яхшилик чиқмайди. Чунки, уларда на сидқ, на ирода бўлади. Улар ҳатто ўз халқи, Ватани, тақдирига ҳам бамисоли бегона одамдек қарайди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мўъмин зийрак, эҳтиёткор ва оқил бўлади”,-деб таъкидлаганлар.

Ижтимоий тармоқларнинг салбий таъсиридан бутун миллат, айниқса, ўсиб келаётган ёш авлодни ҳимоя қилиш ҳар бир онгли инсонни муқаддас бурчи эканини таъкидлаш лозим. Ёшлар ўртасида интернет тармоғидан фойдаланишни суистеъмол қилиши оқибатида турли кўнгилсизликлар, ноҳушликлар кўпайгани кузатилмоқда. Инсон теварак атрофида бўлаётган барча воқеа-ҳодисаларга, хусусан, интернет тармоқларидан ҳар қандай маълумотни тўғри деб қабул қилавериши хатарли эканини билмоғи керак. Зеро, уларнинг ҳаммаси ҳам инсон ҳаётига фойда беравермайди.

Интернет тармоғига боғланиб турадиган киши бу борада ҳам ўзига яраша одоблар, ахлоқий кўрсатмалар борлигини ёддан чиқармаслиги керак. Мазкур одоблардан бехабар инсон интернетдан фойдаланиш мақсадида боғланиб, ўзига зарар келтириб қўйиши мумкин.

Мусулмон одам ўзига берилган умр неъмати азиз эканини, ундан унумли фойдаланиш муқаддас бурчи эканини, охиратда унинг ҳар бир лаҳзасидан сўралиш борлигини бир зум ҳам унутмаслиги керак.

Инсонни бу дунёда яшашдан мақсади нима? Унинг бу дунёдаги хадафи Аллоҳнинг амрига итоат этмоқ, унинг ҳузурига арзигулик сармоя билан бормоқ, бир сўз билан айтганда, Аллоҳ ризосига эришмоқдир. Аллоҳ ризосига эса Унинг неъматларига шукр келтириш-исроф қилмаслик билан эришилади.

Ҳозирги кунда исрофни жуда тор маънода тушуниб, уни фақат ноз-неъматларгагина қуллаймиз. Аслида эса исрофгарчиликнинг тури бехисоб. Ақл-идрокни фойдасиз, ҳатто инсонлар учун офат келтирувчи нарсаларга сарфлаш билан юзага келувчи ақл-идрок исрофи, на дунёси на дини учун наф бермайдиган сўзларни қўллаш орқали пайдо бўлувчи сўз исрофи, инсон онгига зарар етказувчи нарсаларга боққанда юзага келувчи кўз исрофи, ўтган бир кунини, ортга қайтариб бўлмайдиган умрни бесамар ўтказишдан вужудга вақт исрофи бордир. 

Шу эътибордан ҳам, интернетга кириб олиб, беҳуда нарсаларга  соатлаб, кунлаб вақт сарфлаши қаттиқ қораланади. Кишига интернетдан  тўғри фойдаланишда унинг ёмонликларидан сақланишда энг катта ёрдамчи Аллоҳ азза ва жалланинг бандасини доимо кўриб турганини, У Зот ҳамма нарсадан воқиф эканини ҳамиша ҳис қилиб яшашдир.

Ахборот ҳуружларини олдини олишда қуйидагилар муҳим аҳамиятга эга:

  • Ёшларда ташқи таҳдидлар, бузғунчи таъсирларга қарши тўғри,  ҳушёр муносабатни шакллантириш
  • Ёшларни билимини ошириш, уларга воқеа-ҳодисалар моҳиятини таҳлил қилиш малакасини шакллантириш
  • Ахборот оқимида жамият ва давлат манфаатларига мос бўлган ахборотларни одамлар тезроқ қабул қиладиган ва ишонадиган даражага кўтариш
  • Миллий оммавий ахборот воситаларига ишончни ошириш

Зеро, юртбошимиз айтганларидек “Жамияда тинчлик ва беқарорликни издан чиқаришга, ўзаро адоват ва тўқнашувларга сабаб бўладиган бундай хатарларни олдини олишликни битта йўли бор: Ёшларимизни мустақил фикрлайдиган, оқни қорадан, дўстни душмандан ажратишга қодир бўлган, бизнинг қандай бой тарих ва меросга эга эканимизни англаб яшайдиган, имон-эътиқодли, миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбия топган инсонлар этиб вояга етказишимиз бу масалани  ҳеч қачон иккинчи даражали вазифа деб билмаслигимиз керак...”

Интернетда террорчилик ва бошқа бузғунчиларни тарғиб қилувчи веб сайтлар ижтимоий тармоқдаги гуруҳлар сони кун сайин кўпаймоқда. Бу ҳолат дунёқараши шаклланмаган ва ғўр ёшларни соғлом эъиқодини онгу шуурини заҳарламоқда.

Турли алдамчи маълумотлар кўпайган бир вақтда тўғри ва ҳаққоний ахборотни ажратиш йўлларини билиш лозим.

Жумладан, бундай шароитда аждодлар тутган йўлни танлаш керак. Имом Бухорий ҳазратлари ҳадисларни саҳиҳ, заиф ва тўқималарини ажратишда жуда моҳир бўлганлар. Ривоят қилишларича Имом Бухорий бир ҳадисни ровийсини қидириб топдилар. Лекин ровий бир ҳайвонни қуруқ қўл билан алдаб, қўрага олиб кираётганини кўриб, суҳбатлашмасдан қайтдилар.

Яна бошқа ривоятда айтилишича, бир ровий олди тарафига туфлагани сабабли ундан ҳам ҳадис ривоят қилмаганлар.

Мана, аждодларимиз қандай йўл тутишган? Улар ислом динига хос бўлмаган маълумотлар у ёқда турсин, хатто мусулмонга ярашмаган бир сифат эгасидан ҳам маълумот олишмаган. Уларнинг динимизга тегишли масалалар борасида нақадар эҳтиёткор бўлишганини юқорида келтирилган мисоллардан ҳам кўриш мумкин.  

Афсуски, интернет тармоғида қорақузғун каби ўрнашиб, юртимиз ютуқларини кўра олмаётган ёвуз кучларнинг носоғлом, бўҳтон ва ғийбат билан тўлиб тошган маълумотларини айрим ёшлар ўқиб, баъзан уларга ҳамфикр бўлиб, адашиб кетаётганлари ачинарли ҳолатдир.

Муҳтарам юртбошимиз “Юксак маънавият–енгилмас куч” асарларида алоҳида таъкидлаганларидек, “Дунёдаги зўравон ва тажовузкор кучлар қайси бир халқ ёки мамлакатни ўзига тобеъ қилиб, бўйсиндирмоқчи, унинг бойликларини эгалламоқчи бўлса, авваламбор, уни қуролсизлантиришига, яъни, энг буюк бойлиги бўлмиш миллий қадриятлари, тарихи ва маънавиятидан жудо қилишга урунади. Бинобарин, маънавиятга қаратилган ҳар қандай таҳдид ўз-ўзидан мамлакат ҳавфсизлигини, уни миллий манфаатларини, соғлом авлод келажагини таъминлаш йўлидаги жиддий хатарлардан бирига айланиши ва охир оқибатда жамиятни инқирозга олиб келиши мумкин”.

Демак, бугунги кунда энг муҳим вазифамиз ўсиб келаётган ёш авлодни диний-миллий қадрият асосида тарбиялаш, улар қалбида ўз халқи,  Ватанига меҳр садоқат туйғусини кучайтириш, уларни ҳар хил бузғунчи кучларнинг ахборот ҳуружларидан огоҳ этишдан иборат.

Шунингдек, биз яшаб турган даврда ёшларимизни баркамоллиги учун мамлакатимизда барча имкониятлар эшиги кенг очилган. Жумладан, ахборот технологиялари, хусусан, интернет соҳасида ҳам. Шундай экан ёшларимизни интернетдан оқилона ва тўғри йўлда фойдаланишларини таъминлаш давр талабидир. Чунки, глобал тармоқдан тўғри фойдалана оладиган ёшлар вақтини бемани нарсаларга зоя қилмасдан, фақат илм билан шуғулланиши ва касбий кўникмаларга эга бўлиши муҳим масала ҳисобланади.

 

Абдулазиз Бобамирзаев 
“Ҳидоя” ўрта махсус ислом  билим юрти мудири