ИСЛОМДА АЁЛЛАР ҲУҚУҚИ

05:02 07 Март 2021 193

Бизнинг муқаддас Ислом динимизда ҳар бир инсоннинг жамиятда ўзига яраша ўрни ва ҳурмати бор эканлиги баён этилган. Ислом тарихига назар солсак, жоҳилиятда аёлларнинг деярли ҳуқуқлари бўлмаган. Улар нафақат меросдан маҳрум қилинган, балки ўзлари ҳам буюм сифатида меросхўрлар ўртасида тақсимланган. Аллоҳ таоло Қуръони каримда барча инсонлар, жинсидан қатъий назар, тенг эканини ва уларни бир жондан яратганини баён қилади:

 “Эй, одамлар! Сизларни бир жон (Одам)дан яратган ва ундан жуфти (Ҳавво)ни яратган ҳамда иккисидан кўп эркак ва аёлларни таратган Раббингиздан қўрқингиз!... ” (Нисо сураси 1-оят)

Аёллар Исломда она, опа-сингил, жуфти ҳалол ва қиз сифатида ҳурматланади. Улар мерос олади ва мерос қолдиради, никоҳда розилиги сўралади. Улар доим эркак қариндошлари таъминоти остида бўлишади. Қуръони каримнинг ўндан ортиқ сураларида ва кўплаб ҳадиси шарифларда аёлларга тегишли ҳукмлар мавжуд. Ҳатто Қуръони каримнинг катта сураларидан бири “Нисо” (“Аёллар”) деб номланган. Буларнинг ҳаммаси Ислом динида аёлларга бўлган юксак эътибордир.

Аёллар турли ибодат ва яхшиликлар учун савоб олишда ҳам эркаклар билан  баробардирлар. Бу ҳақида Аллоҳ таоло шундай деб марҳамат қилади:

“Аллоҳ мўминлар ва мўминаларга остидан анҳорлар оқиб турадиган, мангу яшаладиган жаннат (боғ)ларидаги ёқимли масканларни ваъда қилди” (Тавба сураси 72-оят).

Аёл кишига Аллоҳ таоло икки масалада масъулият юклайди, бири – жуфти учун руҳий, маънавий хотиржамлик, сукунат бўлиш, иккинчиси – фарзанд дунёга келтириш ва унга ғамхўрлик қилиш машаққатлари. Шариатимизда шу залворли машаққатлар муқобилига бир нечта масалаларда аёлларнинг руҳий, жисмоний ҳолати эътиборга олиниб, уларга икром кўрсатилган, енгиллик берилган:

  1. Ҳаётнинг турли жабҳаларидаги жавобгарлик масъулияти эркакка юклатилди, бу машаққатлардан аёллар озод қилиндилар. Бу ҳақда Қуръони каримда шундай дейилади:

  “Эркаклар хотинлар устидан (оила бошлиғи сифатида доимий) қоим турувчилардир. Сабаб – Аллоҳ уларнинг айримлари (эркаклар)ни айримлари (аёллар)дан (баъзи хусусиятларда) ортиқ қилгани ва (эркаклар ўз оиласига) ўз мол-мулкларидан сарф қилиб туришларидир...” (Нисо сураси 34-оят).

  1. Ислом аёлларни жума намози ва жамоатга ҳозир бўлишга буюрмади.
  2. Гувоҳлик бериш масъулияти ҳам аёллар учун эркакларникидан икки баробар енгил қилинди. Қасос ва жиноятларда гувоҳлик бериш масъулиятини улардан соқит қилди. Лекин аёлларга хос масалаларда уларнинг гувоҳлиги комил ҳисобланади ва бу шариатимизнинг уларга катта ишонч билдиришидир.
  3. Эри бор аёл рўзғорига харажат қилишга мажбур эмас. Бу – тўлиғича эрнинг вазифаси. Эр хотиннинг мулкига дахл қилмасдан маҳр беради, тўй қилади, уй-жой билан таъминлайди, хотин бола-чақасини парвариш қилади. Бу – ҳолат аёл учун молиявий имтиёздир.
  4. Агар ҳамроҳ бўладиган маҳрами бўлмаса, аёлларга ҳаж фарз қилинмади.
  5. Ким аёлга зино билан туҳмат қилса, Исломда унга жазо тайинланади.
  6. Агар эр зулм қилса, хотинга хулуъ – талоқ (ажрашиш)ни талаб қилишга Исломда рухсат берилган.

“Албатта, аёллар – эркакларнинг туғишганлари” (Имом Абу Довуд ривоятлари).

Афсуски, ҳозиргача қиз фарзанд дунёга келса, хафа бўлиш, ўғил туғмадинг, деб хотинига зуғум ўтказиш ҳоллари кузатилмоқда. Ваҳоланки, Пайғамбаримиз алайҳиссалом бизга қиз фарзандларни чиройли таъминот қилиш, тарбиялаб, турмушга узатиш жаннатдаги олий мартабаларга сабаб бўлишини уқтирадилар:

“Ким икки ёки уч қиз, ёки синглисига ғамхўрлик қилиб тарбияласа ва улар турмушга чиқиб кетсалар ёки ўша кишининг ўзи вафот этса, мен ва у жаннатда мана шундай бўламиз (деб, муборак ўрта ва кўрсатгич бармоқларига ишора қилдилар  (Имом Ибн Можа ривоятлари). Аёллардаги жисмоний заифлик қораланмайди. Чунки улар бунга айбдор эмас. Қалбларининг нозиклиги, ҳис-туйғуларининг кучлилиги эса, мўътадил бўлса, мақтовга лойиқдир. Бу нарса улардаги латофат ва гўзалликни зиёда қилади. Пайғамбаримиз алайҳиссалом аёллардаги мана шу заифликни доим эътиборга олар ва уларни ҳимоя қилишга ҳарис эдилар. Ҳатто видолашув ҳажларидаги машҳур хутбада ҳам, аёлларга нисбатан яхши муносабатда бўлишни қайта-қайта васият қилдилар. У Зот алайҳиссалом аёлларига қўл кўтармадилар, уларга яхшилик қилишда умматга ибрат бўлдилар ва шу ишга тарғиб қилдилар: “Яхшиларингиз – оила аҳлига яхши бўлганидир. Мен – аҳли аёлига энг яхшингизман” (Имом Термизий ривоятлари).

Аёллар Исломда она сифатида бениҳоя қадр топдилар. Қуръони каримда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг жуфти ҳалоллари Қиёматгача келадиган “мўминларнинг онаси”, деб эълон қилинди. Аллоҳ таолонинг розилиги ота-онанинг розилигига боғлиқлиги динимиз кўрсатмаларида таъкидланган. Ҳатто ҳадиси шарифларда яхшилик қилишни онадан бошлашга буюрилган.

Динимизда киши ўзига ҳам, ўзгаларга ҳам зулм қилиши катта гуноҳлардан саналади. Хусусан, жуфти ҳалоли, умр йўлдоши ва фарзандларининг онасига жабр қилиш ундан ҳам ёмонроқдир. Бугунги кунда эркаклик ҳамиятини йўқотган баъзи кишилар жиддий бир сабабсиз ўз аёлини нафақасиз ва қаровсиз қолдирмоқдалар. На уларни хотин қилади, на талоғини бериб ажрашади. Бу билан эр Аллоҳ таоло берган оилавий хотиржамлик, жуфти ҳалол ва фарзанд каби бир қанча катта неъматларга ношукрлик қилган бўлади.

Исломда аёлларнинг меҳнат қилиш ҳуқуқлари ҳақида тўхталадиган бўлсак, исломда аёл киши ўзининг латофатига мос равишда ишлашига таъқиқ йўқ, балки бу масала аёл, оила ва жамиятнинг манфаатларидан келиб чиқиб, ҳал қилинмоғи лозимлиги кўзда тутилган. Зеро, ислом аёлларнинг ҳурмат-эҳтиромини ўрнига қўйиб, аёллик жозибаларини сақлаб қолишлари, вазифаларини тўлиқ адо этиш орқали ўз жамияти, Ватани ва динига керакли хизматни адо этиш учун барча шароитни яратиб берган. Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, ислом аёлларнинг қадр-қимматини ўз ўрнига қўйиб, ҳуқуқларини ҳимоя қилган.

Азимхон Абдуллаев

"Ҳидоя" ўрта махсус ислом

билим юрти ўқитувчиси