Имом Замахшарий яшаган даврда ижтимоий-маданий муҳит ҳамда Имом Замахшарий унда тутган ўрни

09:50 02 Март 2019 1665

Сўнгги йилларда юртимизда яшаб ўтган кўплаб аждодларимиз ва уларнинг дунё ҳамжамиятида муҳим ўрин эгаллаган бой тарихий меросларни ўрганишга янада катта урғу берилмоқда.

Ана шундай буюк аждодларимиздан бири Абдулқосим Маҳмуд ибн Умар аз-Замахшарий муфассир, арабшунос олим.

У ўз замонасининг забардаст уламоларидан бири бўлган.

Аз-Замахшарий Хоразмшохлар ҳукмронлик қилган даврга тўғри келади. Бу даврда Хоразм дунёнинг муҳим маданият марказларидан бирига айланди. Хоразм ҳукмдори Отсиз Хоразмга кўплаб олиму уламоларни жалб қила бошлади.

Бу даврда Хоразмда Имом Замахшарий қатори, Фахриддин Розий, Шихобуддин Хивақий каби уламолар яшаб ижод қилган. Илмий муассасалар бой вақфларга эга бўлган. Бу ерда олимлар турли соҳаларда тадқиқот ишларини олиб боришган. Хоразмдаги кутубхоналар ҳақида Насавий берган хабарни, тарихчи Ибн исфандиёрнинг шаҳарда китоб тижорати билан шуғулланган саҳҳофларнинг махсус бозори бўлганлиги тўғрисидаги фикрини эътиборга олсак, Хоразмнинг улкан илм-фан ва маданият марказига айланганлиги маълум бўлади.

Бу даврда илмий, адабий ва диний асарлар араб тилида ёзилган.

Аз-Замахшарий яшаган даврда ислом динига ҳам алоҳида этибор берилган.

Ислом дини пешволари саййидлар, уламолар, машойихларга хоразмшохлар томонидан катта илтифот кўрсатилган. Элчилик муносабатларида ва турли низоларни тинч йўл билан ҳал қилишда улар билан бамаслаҳат иш тутганлар.

Хусусан, бу даврда тасаввуф таълимоти кенг ривожланди. Абдулла Ансорий, Юсуф Хамадоний, Ахмад Жом ва Нажмиддин Кубро унинг йирик намоёндаларидан эди.

Бундан ташқари фиқҳ ва тафсир илмлари ҳам кенг ривожланди. Ана шундай илм намоёндаларидан бири Имом Замахшарий ўз даври илмларини тўлиқ эгаллашга, олимлик даражасига етишишида, шубҳасиз, устозларининг хизмати бениҳоя катта бўлган. Мана шундай устозлардан бири — тил, луғат ва адабиёт соҳасида машҳур олим Абу Мудар Маҳмуд ибн Жарийр ал-Даббий ал-Исфаҳонийдир (1113 йили Марвда вафот этган). Ал-Исфаҳоний Хоразмда ҳам бир қанча муддат яшаган. Бу ўлкада му`тазилийлар таълимотининг жорий бўлиши ҳам мана шу Ал-Исфаҳоний номи билан боғлиқдир.

Аз-Замахшарий Бағдодда шайх ул-ислом Абу Мансур Наср ал-Хорисий, Абу Саад аш-Шаққоний, Абул Хаттаб ибн Абул Батар каби машҳур олимлардан ҳадис илмидан таҳсил одди. Маккада бўлганида эса наҳв ва фиқҳ бўйича илмни Абу Бакр Абдуллоҳ ибн Талхат ибн Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ал-Ябирий ал-Андалусий, аш-шайх ас-Садийд ал-Хайятий, луғат илмини эса Абу Мансур Мавҳуб ибн ал-Хадар ал-Жаволиқий каби машҳур олимлардан ўрганди.

Аз-Замахшарий ҳаёти давомида тинмай саёҳат қилган. Сайёҳ-олим Шарқ, хусусан, мусулмон мамлакатларини 1100-1122 ва 1127-1139 йилларда икки марта кезиб чиққан. Олим Хуросон, эрон, Арабистон, Ироқ, Яман, Шом (Сурия)нинг Марв, Нишопур, Исфахон, Бағдод, Ҳижоз, Дамашқ ва Макка шаҳарларида бўлиб, асарлари учун бой манба тўплаган.

Дунё фани ривожига қўшган ҳиссасига эҳтиром сифатида Аз-Замахшарий “Жоруллоҳ”, яъни “Аллоҳнинг қўшниси”, “Устаз уд-дуня” — “Бутун олам устози”, “Фахру Хварезм” — “Хоразм фахри” деган фахрли номларга сазовор бўлган.

Аз-Замахшарий сермаҳсул олим бўлиб, фаннинг турли соҳаларига оид элликка яқин асар ёзган. Шулардан йигирма бештаси бизгача сақланиб қолган. Тилшуносликка оид “Асос ал-балоға” (“Сўзга усталик асослари”, “Чечанлик пойдевори”), ислом оламида унинг 1134 йилда Қуръони каримга ёзган шарҳларини (тафсир) ўз ичига олган “Ал-Кашшоф” асарлари жуда машҳур. “Ал-кашшоф” асари Қуръон тафсирига оид асарлар ўртасида энг мукаммал эканлиги шарқшунос ва арабшунос олимлар томонидан тан олинган. Шу боис мазкур асардан дунёнинг турли мамлакатлари дорилфунунларида дарслик сифатида ҳалигача қўлланиб келинмоқда.

Мутахассисларнинг фикрича, Аз-Замахшарий тилшунослик, адабиёт, география, тарих ва бошқа қатор фанларни чуқур ўзлаштирган қомусий олим бўлган. Фаннинг мазкур йўналишларида мактаб яратган олимнинг 200 дан ортиқ шогирди бўлган. Асарларини бевосита ўрганиб, илму фаннинг сирларини эгаллаган 100 дан ортиқ олимлар ўзларини ғойибдан Аз-Замахшарийнинг шогирди деб ҳисоблашган.

Тил ва адабиёт, тафсирга оид асарлар билан бир қаторда Аз-Замахшарий “Асмоу ал-адвия вал жибол” (“Водий ва тоғ исмлари”) деб аталган машҳур географик асар ҳам ёзган. Китобнинг иккинчи номи “Китоб ал-амкина ва ал-жибол ва ал-мияҳ” (“Жойлар, тоғлар ва сувлар ҳақидаги китоб”) бўлиб, олим уни ўзи бевосита ташриф буюрган шаҳарларда олиб борган кузатишларига асосланиб ёзган. Асар араб тилида ёзилган бўлиб, илк бор 1855 йилда Нидерландиянинг Лейден шаҳрида нашр этилган.

Аз-Замахшарийнинг мазкур китоби Арабистон ярим оролидаги шаҳарлар, қишлоқлар, мақбаралар, мачитлар, зиёратгоҳлар, тоғлар, водийлар, сув ҳавзалари номларининг изоҳи берилган муҳим топонимик қомус десак, хато бўлмайди. Асарнинг эътиборли томони шундаки, муаллиф географик номларни алифбо тартибида берган, уларнинг маъноси, жойларга нега шундай номлар қўйилганлиги ва шунга боғлиқ қатор қизиқарли ҳикояларни келтиради. Китобда Фаластин, Сурия, Ироқ ва Миср каби мамлакатларнинг номи тилга олиниб, улардаги шаҳарларга оид маълумотлар киритилган. Унда Ўрта Осиёдаги баъзи жой номлари учраса-да, лекин уларнинг изоҳи йўқ. Шунинг учун мутахассислар Аз-Замахшарийнинг ушбу географик асари тугалланмаган ёки охиригача таҳрир қилинмаган деб ҳисоблайдилар.

«Атвоқ уз-заҳаб фи-л-мавоиъз ва-л-хутаб» («Хутбалар ва ваъзлар баёнида олтин шодалар») — насиҳатомуз мақолалар тўпламидан иборат. Асар биринчи марта 1835 йили олмон олими Фон Хомир томонидан немисчага таржима қилиниб, арабча матни билан нашр этилган. Ўттиз йилча ўтгач, франтсузчага таржима қилиниб, 1886 йили Парижда чоп этилган. 1873 йили ҳам усмонли турк тилига таржима қилиниб, Истамбулда нашрдан чиққан…

Аз-Замахшарийнинг «Рабиъ ул-аброр ва нусус ул-ахяр» («Езгулар баҳори ва яхшилар баёни») асарида адабиёт, тарих ва бошқа фанларга оид ҳикоялар, латифалар, суҳбатларнинг энг саралари жамланган, 97 бобдан иборат бу асарнинг нодир бир қўлёзма нусха-си Тошкентда, ЎзР ФА Шарқшунослик институтада сақланади. Бундан ташқари, Лейден, Берлин кутубхоналарида ҳам қўлёзмалари мавжуд.

Олимнинг аруз вазни ҳақида баҳс юритувчи «Ал-Кустос фи-л-аруз» («Арузда ўлчов (мезон)») асари муҳим манбалардан ҳисобланади. Алифбо тартибида йиғилган араб мақоллари, масалларига бағишланган бошқа бир асарини «Ал-Мустақсо фи-л-амсол» («Ниҳоясига етган масаллар») деб атади. «Мақомат» («Мақомлар») — эллик мақомдан иборат бўлиб, қофияли наср — сажъ услубининг нозик намуналарини ўзида мужассам этган муҳим асардир. «Девон уш-шеър» китоби ҳам диққатга сазовор асарлардан саналади. Аз-Замахшарийнинг «Навобиғ ул-калим» («Нозик иборалар») асари эса араб луғатларини ўрганишга бағишланган юксак дид билан ёзилган. Бу асар дастлаб франтсуз тилига таржима қилиниб, асл нусхаси билан биргалиқда 1876 йили Парижда, 1870 йили қоҳирада, 1884 йили Байрутда, 1896 йили эса қозонда нашр этилган.

Ҳозиргача сақланиб қолган асарларининг умумий сони ва уларнинг аҳамиятига таянган ҳолда Аз-Замахшарийни нафақат исломшунос олим, балки Шарқ географиясининг ривожига ўзининг улкан ҳиссасини қўшган географ ва сайёҳ-олим деб айтиш мумкин.

Замахшарий асарлари немис, француз ва бошқа тилларда нашр этилган. Замондошлари Абусамад Муҳаммад Самъоний, Ёқут Ҳамавий, Жамолиддин Қифтий Замахшарий ижодига юксак баҳо берганлар.

Замахшарий ижодининг айрим томонларини шарқ (А. З. Валидий, Муҳаммад Козимбек), ўзбек (А. Рустамов, У. Турсунов, У. Уватов, З. Исломов, М. Ҳакимжонов ва б.), рус (Крачковский, Боровков ва б.), ғарб (Броккелман, Заёнчковский ва б.) олимлари тадқиқ этганлар. Тошкент кўчаларидан бирига, мактаб, жоме масжидига Замахшарий номи берилган.

 

Шавкатжон МАДАМИНОВ,

“Ҳидоя” ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси