Хусомиддин Ахсикатий

10:06 07 Октябрь 2018 1597

Тўлиқ  исмлари: Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Умар ал - Ахсикатий бўлиб, Ахсикатга нисбат берилган. У зотнинг тахаллуслари Ҳусомиддин, куниялари эса Абу Абдуллоҳдир. У зот ҳанафий фақиҳ бўлиб, фаръий ва усул илмларининг имомларидан бўлганлар.

Таваллудлари: Бу зотнинг таваллудлари ва улғайишлари ҳақида тарих китобларида бирор маълумотларкам учрайди. Лекин у зот Фарғона водийси Наманган вилоятининг Ахсикат(бу жой ҳозирги Тўрақўрғонда туманида  жойлашган) минтақасида таваллуд топганлари ҳақида маълумотлар келган.

Вафотлари: Имом Абу Абдуллоҳ Ахсикатий ҳижрий 644 -  йил Зулқаъда ойининг 22 -  куни душанбакунида вафот этганлар. “Етти Қози” қабристонидаги Қозихон Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Муҳаммад ал - Абдий яқинига дафн қилинганлар. Аллоҳ таоло у зотни Ўз раҳматига олсин.

Илм талаб қилишлари: Ҳусомиддин Ахсикатий илм талаб қилишлари ҳақида бирор нарса тарих китобларида зикр қилинмаган. Лекин у зот ёзган китобларидан у зот илм талаб қилишда жуда кўп шайхлардан дарс олганлари ва буюк зотлар билан замондош бўлиб яшаганларига далолат қилади. Хусусан “Ал - мунтахаб ал - ҳусомий” асарларини ўша даврнинг катта олимларидан дарс олиб ва улар билан суҳбатдош бўлган ҳолда ёзганлари ҳақида жуда кўп китобларда маълумотлар келган. Айнан ушбу китобга ўн олтига яқин шарҳ ёзилган. “Кашфуз - зунун” китоби муаллифи “Ал - мунтахаб ал - ҳусомий” китоби ҳақида шундай дедилар: “Бу китоб ортиқчаликдан холи, фасллар тўлиқ баён қилинган, зиддият ва қарашларни чуқур ўрганилган[1]”.

Абдулазиз ибн Аҳмад ал - Бухорий (730/1329 ваф.): “Бу “Ал - мунтахаб ал - ҳусомий” номли мухтасар китоби бошқа барча мухтасар китоблардан тартиби мустаҳкамлиги ва услуби чиройли экани билан устун туради”, дедилар[2].

Ҳусомиддин Ахсикатий Фарғона вилоятига қарашли Ахсикат туманида яшаганлар. Ахсикат тумани эса Қўқон шаҳридан 54,7 км узоқликда, Наманган шаҳридан эса 28 км узоқликда, Марғилондан 54 км ва Фарғона шағридан 65 км узоқликда жойлашган.

Бу зот ҳанафий мазҳабида ўз замонасининг забардаст уламолардан бири бўлганлар. Имом Ахсикатий ҳижрий еттинчи (милодий ўн учинчи) асрда яшаб, ижод қилганлар. Ўша давр ижтиҳод ва истинбоддан кейинги тақлид, танқиҳ ва таҳрир замони бўлган.

Уламоларнинг бу зотга айтган мақтов сўзлари:

Бу зот ҳақларида кўплаб уламолар мадҳ сўзларини айтганлар. Жумладан: Ҳусайн ибн Алий ибн Ҳажжож ас - Сиғноқий: “Ўз замонасининг буюк имоми, зоҳид, илмда денгиз, қунт - матонатли, масалаларни нозик жиҳатларини билувчи, башар муфтийси, шариатни намоён қилувчи ва суннатни ҳимоя қилувчи зот эди”, дедилар.

Имом Лакнавий у зот ҳақида: “Шайх, фозил, фуруъ ва усулда имом эди”, дедилар[3].

Ибн Қутлубғо ўзининг “Тож ат - тарожум” китобида имом Ахсикатий ҳақларида шундай деган: “У зот шайх фозил фуруъ ва усулда имом эди”.

Бу зот ҳақли равишда учинчи табақа мужтаҳидларининг таърифига кўра, мазҳабнинг таржиҳ соҳибларидан бири бўлганлар.

Устозлари ва шогирдлари: Имом Ахсикатийнинг устозлари ҳақида бирорта манбаъда маълумот келмаган.

Ҳусомиддин Ахсикатийнинг қўл остиларида жуда кўп шогирдлар етишиб чиққан. Жумладан:

1. Абу Музафффар Муҳаммад ибн Умар ибн Муҳаммад ан - Нуҳобозий[4] ал - Ҳанафий. Бу зот 616/1219 санада таваллуд топганлар. Дамашқ шаҳрига бориб, у ерда дарс берганлар ва ўша ерда (668/1270) йилда вафот этганлар.

У зотнинг усулда “Кашфул ибҳом ли рофъил авҳом”, “Кашфул асрор” ва “Талхисул қудурий” номли асарлари мавжуд.

2. Абу Бакр Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Умар ал - Бухорий Жалолиддин ал - Ийдий. Бу зот буюк муҳаддислардан бўлганлар. Бу зотнинги форс тилида “Жомиул -  улум” номли асарлари мавжуд.  Бу зот (668/1270) йилда вафот этганлар.

3. Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Муҳаммад ал - Қубовий ал - Ҳанафий. Бу зот Марғинондан бўлганлар. У зотнинг фуруъ илмида “ал - Жомиъ ал - кабир” ва “Назмул жомиъ ас - сағир лишшайбоний” номли асарлари мавжуд.  Бу зот (730/1330) йилда вафот этганлар[5].

Ёзган китоблари

1. Мухтасар фи усулил фиқҳ

2. Мифтаҳул усул

3. Ғоятут таҳқиқ

4. Дақоиқул усул ват табйин

Ахсикатий яшаган давр, ижтимоий ва диний ҳолати: Ҳусомиддин Ахсикатийнинг яшаган даврлари илм ҳамда амал жиҳатдан исломнинг энг гуллаган даври бўлган. Мовароуннаҳр диёридан кўплаб забардаст ва буюк уламолар етишиб чиқдилар. Жумладан, имом Абу Мансур ал - Мотуридий, Қози имом Абу Зайд ад - Дабусий, имом Сарахсий, имом Фахрул Ислом ал - Паздавий, имом Абул Муин ан - Насафий, имом Қаффол Шоший, имом Ахсикатий, имом Самарқандий ва бошқа буюк уламолар етишиб чиқдилар. Улар ҳанафий фиқҳи ва усулида бир мактаб эдилар.

Шу даврда илм фаннинг барча соҳаларида кўплаб китоблар тасниф этилди. Масалан: тавҳид илми, калом илми, мантиқ илми, фиқҳ, усулул фиқҳ, тафсир, ҳадис ва араб тили грамматикасига оид китоблар шулар жумласидандир. Уламолар мана шу асрда илм фаннинг барча соҳаларида кўплаб китоблар ёзилишига Аббосийлар давлатининг ўрни катта, деб таъкидлайдилар. Чунки, Аббосийлар давлати уламоларни китоб ёзиш, илм тарқатишда қўллаб қувватлаган ҳамда ҳур фикрликка тарғиб қилган. Бунинг натижасида уламолар илм беришга ва китоблар ёзишга қаттиқ киришдилар. Китобларида ўзларининг олий даражадаги исломий маданиятларини намоён қилдилар. Ўша олимлардан бири имом Ҳусомиддин Ахсикатий бўлиб, ҳанафий усулул фиқҳида ўзларининг “Ал - мунтахаб” деб номланган китобларини таълиф этганлар.

Ижтимоий ва диний ҳолат:  Ислом дини келишидан аввал Мовароуннаҳр диёрларида деярли расмий дин бўлмаган. Ўша даврда юқори табақадаги одамлар зардуштийлик динида бўлган бўлса, қолган бошқа одамлар бутпарастлик динида бўлган. Бу икки диннинг орасида тез - тез можаролар чиқиб турган.

Ислом дини ер юзининг барча ерига тарқалгани каби бу диёрларга ҳам кириб келди. Ислом динини тарқатишда турли миллатлар ўз хиссаларини қўшганлар. Жумладан: араблар, форслар, турк, барбар, қибт ва бошқа миллатлар ислом динини кенг тарқалишида жонбозлик кўрсатганлар. Ислом бу диёрга кириб келгач, халқнинг аксарияти исломни қабул қилди. Ўз динида қолганларга ўз эътиқодларига мувофиқ яшашларига ва ибодат қилишларига бирор қаршиликсиз имкон яратиб берилди.

Исломнинг аввалги даврида араблар Исломга даъват қилиш ва уни бошқа мамлакатларга етказишда катта муваффқиятга эришдилар. Араблар Ислом келишидан олдин алоҳида қабила қабила бўлиш яшар эдилар. Кўп ўтмай улар Ислом байроғи остида бирлашдилар. Араблар Ислом динини етказиш мақсадида турли шаҳарларга ҳижрат қилдилар ва ўша ерда яшайдиганлар билан қонлари бирлашиб кетди. Натижада, бошқа миллатга мансуб халқлар ҳам Ислом байроғи остида бирлашдилар. Шунингдек, сиёсий бирлик ва уни ҳарбий жиҳатдан ҳимоя қилишда арабларнинг ўрни катта ҳисобланади. Шу билан биргаликда араб тили ҳам илм ва маданият тилига айланди.

Лекин Аббосийлар давлати бошқарувининг охирги аср бошларида сиёсий ва ҳарбий бошқарув сустлаша бошлади. Чунки, бу даврда идора ишларини форслар ва ҳарбий соҳасини эса турклар эгаллаган эди. Вақт ўтиши билан Аббосийлар давлати пайтида форсларнинг мавқеи кўтарилиб, уларнинг сиёсий ва маданий нуфузлари ошиб борди. Аммо Аббосийлар давлатининг иккинчи аср охирларида турклар бошқарувни Туркистонга кўчираётганларида Аббосийлар халифалари улардан ёрдам сўраши сабабли форсларнинг нуфузи ўз ниҳоясига етди. Шунга қарамасдан форслар Аббосийлар давлатидан Тоҳирия ва Сафория каби бир қанча шаҳарларни мустақил бўлиб чиқишига ўз хиссаларини қўшди. Шу даврда Ислом тарихи ва ислом араб маданиятида изчил ривожланиш намоён бўла бошлади.[6]


Шамсиддин ЛУТПИЛЛАЕВ

"Ҳидоя" зрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси
 


[1]Ҳожи Халифа.Кашфуз зунун ъан асамий ал - куткб вал фунун.Байрут: Дор иҳё ат - турос ал - арабий,1907 . Ж  - 2. - Б.1849.

[2]Ҳожи Халифа. Кашфуз зунун ъан асамий ал - куткб вал фунун.Байрут: Дор иҳё ат - турос ал - арабий, 1907. Ж  -  2. 1852 б.

[3]Муҳаммад Абдулҳай ал - Лакнавий. Миср : “Фаваид ал - баҳийя фи тарожум ал - ҳанафийя”, 1906 . 188 б.

[4]Бухоро шаҳридаги қишлоқнинг номи.

[5]Абдулқодир ибн Муҳаммад ал - Қураший. Байрут:“Ал - жаваҳир ал - музийя фи таьақот ал - ҳанафийя”, 1993 . 3 -  ж. 349 б.

[6]Доктор Муҳаммад Исмоил. Қувайт: “Тарих ал - хулафа ал - арабия ал - исламия”, 1992 . 123 б.