АЖДОДЛАР ХОТИРАСИ - УЛУҒ ФАЗИЛАТ

12:10 05 Май 2018 916

АЖДОДЛАР ХОТИРАСИ - УЛУҒ ФАЗИЛАТ

Халқимизнинг қадр-қиммати, ор-номусини, миллий анъаналаримиз ва урф-одатларимизни ҳимоя қилишда, босқинчи ва ёвуз кучларга қарши машаққатли курашларда букилмас ирода ва жасорат намунасини амалда намоён этиб, бугунги тинч ва осойишта кунлар учун жонини фидо қилган аждодларимизнинг муқаддас хотирасини ёд этиб, эзгу ишларини давом эттириш – бизга тинчлик, омонлик керак, деб яшайдиган бағрикенг халқимизга хос азалий қадриятдир. 

Бутун дунёда миллионлаб инсонлар ҳалок бўлишига сабаб бўлган, мислсиз йўқотишлар, талафот ва мусибатлар олиб келган Иккинчи жаҳон уруши инсоният тарихидаги энг даҳшатли, энг қонли қирғин бўлганини ҳеч ким унутмайди. Ушбу бешафқат урушда қатнашган 1,5 миллиондан ортиқ ўзбекистонликларнинг ярим миллиондан зи ёди ҳалок бўлганини халқимиз ҳеч қачон ёдидан чиқармайди. Уруш бошланиши билан фронт ҳудудларидан Ўзбекистонга кўчирилган бир миллионга яқин оила ва болаларни қабул қилиб, охирги бир бурда нонини улар билан баҳам кўрган, “Сен етим эмассан” деб ўз бағрига олгани халқимизнинг нақадар олижаноблигини, меҳр-мурувватини, юксак маънавиятини яққол намоён этди. 

Дунёдан ўтган аждодларини эслаш ва хотирлаш инсониятга хос азалий анъаналардан ҳисобланади. Мана шу анъаналарнинг маънавий ва диний жиҳатлари жуда ҳам кўп. Халқимиз ўзининг бой маданияти, ажойиб урф-одатлари, миллий ва диний қадриятларига ҳамоҳанг бўлган маросимлари, анъаналарига эга. Жумладан ўтган аждодларини эслаш, уларни эзгу ишларини хотирлаш халқимизнинг улуғ фазилатларидан ҳисобланади.

Ҳар доим ўтмишга назар ташлаб, ундан тегишли хулосалар чиқариш ва шунга мувофиқ иш тутиш хайрлидир. Бу жамият келажагини бунёд қилишда муҳим аҳамият касб этади.

Аллоҳ таолоҚуръони каримнинг Нур сураси 34-оятида шундай деб марҳамат қилади:

(Эй, мўминлар,) дарҳақиқат, Биз сизларга баён этувчи оятларни, сизлардан илгари ўтганлар тўғрисидаги масал(лар)ни ва тақводорлар учун насиҳатни нозил қилдик.

Бундан кўриниб турибдики, ҳар бир инсон ўзининг ўтмишига назар солиб ундан ўзига етарли хулоса чиқариб иш тутиши лозим бўлади.

Албатта биз ўтмишимизга назар соладиган бўлсак, ҳозирги мана шу яшаб турган ҳаётимизнинг шу тарзда бўлишига сабабчи бўлган аждодларимизни босиб ўтган йўллари кўринади. Улар бошларига тушган мусибатларга қарамасдан ўз она юртлари унинг озодлиги ва фаровон  ҳаёт кечириши учун керак бўлса жонларини ҳам аямадилар. Биз ана шундай инсонлар қолдириб кетган юртда яшаяпмиз.

Шундай экан, марҳумларнинг ҳаётлик даврида қилган яхши амалларини эслаш, тирикларни эса қадрлаш ҳар биримизнинг бурчимиздир. Аллоҳ таоло ҳар бир нарсани жуфт-жуфт қилиб яратгани каби яхшилик ва ёмонликни ҳам жуфт қилиб яратди. Айтмоқчи бўлганимиз шуки инсон дунёда ҳаёт кечириш мобайнида турли муносабатларда бўлади. Яхшилик ҳам ёмонлик ҳам баробар ҳолатда кетади. Демак инсон вафот қилгандан сўнг дунёда қилган амалларини фақатгина яхшисинигина эслашимиз, ёмонликларини барчасини ёддан чиқаришлигимиз Расулуллоҳ (с.а.в)ни мана бу ҳадисларига мувофиқдир. “Дунёдан ўтганларнинг яхши сифатларини эсланглар, уларнинг ёмон сифатларини айтишдан сақланинглар”-деб марҳамат қилганлар.

Шундан кўринадики,  аждодларимизнинг эзгу ишларини, уларни босиб ўтган йўлларини, ҳаётлик вақтларидаги қолдирган чиройли хулқларини ўсиб-улғайиб келаётган ёш авлодга доимий уқтириб боришлик керак бўлади.

Бу эса ўз навбатида фарзандларимизни Ватанига, халқига садоқат, фидоийлик ва ҳурмат руҳида тарбия топишига катта хизмат қилади.

Дунёдан ўтган марҳум ва марҳумларимизни эслаб хотирлашимиз ва уларнинг  руҳларини шод этиш учун хақларига дуои хайрлар қилиб туришлигимизни Аллоҳ таолоҚуръони каримнинг Иброҳим сураси 41-оятида Иброҳим (а.с.)нинг қилган дуоларини мисолида бизларга таълим бериб ўргатади:  “Эй, Раббимиз! Ҳисоб (-китоб) қилинадиган (Қиёмат) куни мени, ота-онамни ва (барча) мўминларни мағфират қилгин!”

Оятда бу дунёдан ўтиб кетган ота-онаси, олдинги яшаб ўтган аждодлари ҳамда мўминларни яхшилик билан эслаш ва уларнинг ҳақларига дуо қилишга далолат бордир.

Абу Ҳурайра (р.а) ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз (с.а.в) шундай дейдилар:  “Агар бир инсон вафот қилса унинг амали тўхтайди. Фақатгина учта нарсадан унга фойда етиб туради: (қолдириб кетган) садақаи жория ёки фойдали илм ёки ҳаққига дуо қилиб турадиган солиҳ фарзандларидан”. Яъни, ҳар қандай инсон бу дунёда чиройли амал қилишликни ва яна саломат имон билан кетишликни вафотидан кейин ҳам номаи аъмолига савоб етиб туришлигини умид қилади. Бу умиднинг тасдиғи учун

  • садақаи жория яъни, халқни манфаати учун бир яхши ишни барпо қилиш, йўл қуриш, мактаб қуриш, сув келтириш, масжид қуриш каби ишлар,
  • фойдали илм, яъни, Расулуллоҳ с.а.в ни кўрсатмаларидан бири бешикдан қабргача илм излаш бўлганидек, бировга ўргатилган илм, ёки ёзиб қолдирилган китоб инсон вафотидан кейин ҳам манфаати етиб туради,
  • солиҳ фарзанд, яъни, солиҳ деган сўз арбча бўлиб, яхши ишни қилувчи деган маънодадир.

Демак солиҳ фарзанд дегани, ота-онасини бу дунё ва охиратда хурсанд қиладиган, ортидан фақат яхшиликлар келадиган, ҳар намозида “Аллоҳим мени ва ота-онамни мағфират қилгин”-деб дуо қиладиган фарзанддир.

Тарихда яшаб ўтган аждодларимизни ва уларни ҳақларига дуолар қилиш билан бирга тез-тез уларни қабрларини зиёрат қилиб туриш ҳам манфаатли ва яхши амаллардандир.

Бу ҳақда Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Расули акрам (с.а.в)дан ривоят қилган ҳадисда, Расулуллоҳ (с.а.в): “Қабрларни зиёрат қилиб туринглар, чунки у ўлимни (охиратни) эслатади”-деганлар.

Муҳаммад ибн Нўъмон Пайғамбаримиз (с.а.в)дан ривоят қилиб айтадилар: “Ким вафот қилган ота-онасини ёки отаси, ёки онасини қабрини ҳар жума куни зиёрат қилса, зиёрат қилувчини гуноҳлари кечирилиб, унга яхшиликлар ёзилади”-деганлар.

Қабристонларни зиёрат қилиб туришдан асосий мақсад ҳам ўтганларни хотирлаб, ҳақларига дуо қилиш, ўлим ва охиратни эслаш, ибрат кўзини равшанлаштириш, қабристондаги тозалик ва озодалик ишларига ҳисса қўшиш каби эзгу ниятлар билан уйғунлашган бўлиши лозим.

Барчаларимизга ўтган марҳумларни хурсанд қилишлик ва уларни ҳаққиларига дуои хайрлар қилиш, руҳларини шод ва қабрларини обод қилишлигимиз лозимдир.

Ўтган аждодларни руҳларини шод қилишлик, қилиб ўтган хайрли ишларини қадрлаш мақсадида мустақиллик йилларидан сўнг юртимизда жуда ҳам кўп қадамжолар обод қилинди. 

Мамлакатимизда 9 май умумхалқ байрами – Хотира ва Қадрлаш кунини кенг нишонлаш, Иккинчи жаҳон урушида фашизмга қарши курашишга ҳисса қўшган, қатағон йиллари қурбонларидан тортиб, иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлганлар учун пойтахтимизда, вилоят марказлари ва туманларида ёдгорлик сифатида алоҳида майдонлар ва зиёратгоҳлар барпо қилинди.

Муҳтарам Президентимизнинг мамлакатимизда 9 май умумхалқ байрами – Хотира ва Қадрлаш кунини кенг нишонлаш, Иккинчи жаҳон урушида фашизмга қарши курашишга ҳисса қўшган, мустақиллик йилларида хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг хотирасини абадийлаштириш, барча фахрийларга ҳурмат кўрсатиш мақсадида 2018 йил 16 апрел куни “Хотира ва Қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори эълон қилинди.  

Собиқ тузум даврида ноҳақ маҳкум этилган, қораланган, қатл этилган ва ҳуқуқлари поймол этилган юрт ўғлонлари оқланиб, ўзларига яраша турли унвон ва мукофотлар билан тақдирландилар. Шу ва бошқа қилинаётган хайрли ишлар шарофати туфайли ҳам юртимиз тинч, халқимиз осуда ҳаёт кечирмоқда десак хато бўлмайди.

Яратгандан ўтганларимизнинг руҳлари шод охиратлари обод бўлишлигини, осмонимиз мусаффо бўлиб, эминлик ва офиятда ҳаёт кечиришлигимизни барчаларимизга насиб айлашини сўраб қоламиз!

 

Муҳаммадали Каттабоев,

“Ҳидоя” ўрта махсус ислом билим юрти АРМ мудири