Ҳанафийликда рукудан аввал ва кейин қўл кўтариш масаласи

05:44 25 Март 2021 244

Ҳанафий уламолари намозда рукуъдан аввал ва кейин қўл кўтариш масала борасида икки қўлни фақат биринчи такбирда кўтариш суннат, қолган такбирларда эса қўлни кўтариш жорий қилинмаган дейдилар. Имом Шофиъий рукуъ қилганда ва рукуъдан бошни кўтарганда икки кўлни кўтариш суннат дейдилар. Бунга далил сифатида имом Шофиъий Али розияллоҳи анҳу, Ибн Умар, Воил ибн Ҳужр ва Абу Ҳурайра розиялло анҳум каби саҳобалардан қўйидаги ҳадисни ҳужжат қилиб келтирадилар: “Набий (саллолоҳу алайҳи васаллам) рукуъ қилганларида ва рукуъдан бошларини кўтарганларида икки қўлларни кўтарар эдилар”. Нофеъ розияллоҳу анҳумдан ривоят қилинади: “Ибн Умар розияллоҳу анҳума рукуъга борганда ва ундан қайтганда икки қўлини кўтармаган одамни кўрса унга тош отар эди”. Имом Бухорий ривояти.

Ушбу ривоятдан Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳума ўзлари намозда рукуъга борганда ва рукудан қайтганда икки қўлни кўтариш ҳукмига амал қилибгина қолмай унга ўзгаларни ҳам амал қилишга тарғиб қилган эканлар.

Ҳанафий ва Моликий уломолари эса “Икки қўлни биринчи такбири таҳримада кўтариш суннат дейдилар бунга Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан қўйидаги ривоятни келтирадилар: “Набий саллолоҳу алайҳи васаллам икки қўлларини намозни бошида кўтариб шундан кейин кўтармадилар”, дедилар. Имом Байҳақий ривояти.

Алқама розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Мен Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳуни ортиларида намоз ўқидим, рукуъ қилганларида, рукудан бошларини кўтарганларида икки қўлларини кўтармадилар. Мен нима учун икки қўлингизни кўтармадингиз дедим? Шунда Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу: “Расулуллоҳ саллолоҳу алайҳи васалламни, Абу Бакр ва Умар розияллоҳу анҳуни ортиларида намоз ўқидим, улар қўлларини намозни бошлашдагини кўтариб, бошқа ўринларда қўл кўтармас эдилар”, деди.

Ибн Аббос розияллоҳу: “Расулуллоҳ саллолоҳу алайҳи ва саллам ўн нафар жаннатий эканликларини башорат берилган  саҳобалар қўлларини намозни бошида кўтаришар, бундан бошқа ўринда қўлларини кўтаришмас эди, шунга кўра бу саҳобаларга хилоф қилиш одобсизлик саналади” дейдилар.

Набий саллолоҳу алайҳи васаллам баъзи саҳобаларни рукуъ қилаётганда ва рукуъдан бошларини кўтараётганда, икки қўлларини кўтарганларини кўриб: “Нима учун мен сизларни қўлларингизни худди асов отни думига ўхшатиб кўтараётганингизни кўряпман? намозда сокинлик билан туринглар”, дедилар. Имом Муслим ривояти.

Сабаби бу такбир бир рукндан бошқа бир рукнга кўчиш холида бажариладиган такбир бўлиб ҳудди сажда қилгандаги такбир каби намозда икки қўлни кўтаришдан мақсад имомни ортидаги қулоғи эшитмайдиган кишига билдириб қўйиш. Шунинг учун намозни бошлашликда икки кўлни кўтаришга мухтож бўлинади, ҳудди икки ийд намозини такбирлари, витр намозидаги такбирлар каби икки қўлни кўтаришга мухтож бўлинади. Лекин бир рукндан бошқа бир рукнга кўчиш холида бажариладиган рункнларда, икки кўлни кўтаришга хожат йўқ. Сабаби кулоғи эшитмайдиган киши имомни рукуга бораётганини ва рукудан бошини кўтараётганнини кўриб турибди шунинг учун намозни биринчи такбирдан бошқа ўринда икки қўлни кўтаришга хожат йўқ.

Имом Шофиъй ривоят қилган ҳадиси шарифни ҳукми насх(бекор) қилиинган. Бунга қўйдаги ривоятни далилдир: “Набий саллолоҳу алайҳи васаллам икки қўлларини кўтарар эдилар сўнг тарк қилдилар”.

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам кўлларини кўтарсалар биз ҳам кўтарар эдик, тарк қилсалар биз ҳам тарк қилар эдик”, дедилар.

Ушбу ривоятдан кўриниб турибдики Набий саллолоҳу алайҳи васаллам аввал намозда рукуга боришда ва рукудан қайтишда икки қўлларини кўтариб кейин тарк қилганликлари зикр қилинмоқда. Бу эса икки қўлни кўтариш ҳукми рукуга бориш ва рукудан ва қайтишда насх бўлганлигига даололат қилади.

Икки қўлни кўтариш ҳадисининг асоси Али, Ибн Умар розияллоҳу анҳумаларга бориб тақалади. Осим ибн Кулайб айтадилар: “Мен бир неча йил Али розияллоҳу анҳунинг ортиларида намоз ўқидим. Икки қўлларини биринчи такбирдагина кўтарар эдилар”. Имом Таҳовий ривояти

Мужоҳид: “Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳуни ортиларида бир неча йил намоз ўқидим, икки қўлларини биринчи такбирдагина кўтарар эдилар”, дедилар. Имом Таҳовий ривояти.

Алоуддин Косоний Бадоиъус саноий китобларида айтадиларки: “Намозда рукуъга бориш ва рукудан қайтишда икки қўлни кўтариш борасидаги далиллар қарама-қарши келганда, икки қўлни кўтаришни тарк қилиш авлороқ саналади. Сабаби, икки қўлни қўтариш ҳукми собит бўлган бўлса ҳам, суннат даражасидан ўтиб кетмайди. Агар икки қўлни кўтариш ҳукми собит бўлмаган бўлса, бидъат бўлиб қолади. Бидъатни тарк қилиш суннатни бажаришдан авлороқ саналади. Икки қўлни кўтариш ҳукми собит бўлган тақдирда намозни фосидлигини келтириб чиқармайди, лекин икки қўлни кўтариш ҳукми собит бўлмаган бўлса, намозни фосод бўлишини келтириб чиқаради. Чунки намозда такбири таҳримадан бошқа ўринда икки қўлни баробар кўтариш намозни амалларидан саналмайди, бу эса “амали касир” ҳисобланади. Амали касир эса намозни бузади.

Ҳанафий уломолари далилларни ўрганиб чиқиб намозда икки қўлни кўтариш ҳадиси саҳиҳ бўлса ҳам, бунинг ҳукми насх бўлган деб айтадилар. Бунга Набий саллаллоҳу алайҳи васалламни,  Абу Бакр, Умар ҳамда Али розияллоҳу анҳум ва бундан бошқа жаннатий эканликлари башорат қилиган саҳобалар, Абдуллоҳ ибн Умар Абддулоҳ ибн Масъуд каби фақиҳ саҳобалар намозда икки қўлни биринчи такбирдан бошқа ўринда кўтармаганликларини далил қилиб келтириб, ушбу ҳадиси шарифлар насх қилинган деб айтадилар.

Ишанов Исмоилхон

“Ҳидоя” ўрта махсус ислом
билим юрти ўқитувчиси