Яхши ният ярим давлат

18:10 07 Апрель 2018 1816

Яхши ният ярим давлат

Ҳақиқатан, Аллоҳга чин бандалик яхши, эзгу ишлар қилиш билан белгиланади. Амалларнинг оқибати эса инсон қиладиган ниятга боғлиқдир. Аллоҳ таоло Ўз бандаларини фақат эзгу ишлар қилишга чорлаб, бундай дейди:

“Бас, кимки Парвардигори билан мулоқотда бўлишдан умидвор бўлса, у ҳолда эзгу амал қилсин ва Парвардигорига ибодат қилишда ҳеч кимни (Унга) шерик қилмасин” !  Каҳф сураси, 110-оят.

Шунинг учун ҳар бир банданинг чинакам маърифатга эришиш учун биринчи навбатда солиҳ амаллар қилишга ўтиши лозим. Унинг амаллари ниятига боғлиқ бўлгани учун ният нима эканини ҳам билиши ўта муҳимдир. “Ният” сўзи луғатда “бирор нарсани қасд қилиш” маъносини билдиради, шариатда эса бир нарсани амалга боғлаб қасд қилиш “ният” дейилади.

Деярли барча ҳадис китобларини Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг ушбу ҳадислари билан бошлаш муҳаддислар анъанасига кирган: Умар ибн Хаттобдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: “Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай деганларини эшитдим: “Амаллар фақат ниятга боғлиқдир. Ҳар кимга ният қилгани бўлади”.  Имом Бухорий ва Муслим ривояти.

Ислом дини таълимотига кўра, ҳар бир нарсада ният шарт. Кўпчилик фақиҳлар ҳар бир амалда ният фарз, дейишган. Банда ниятини яхшилаш билан ўз эҳтиёжи, талаби йўлидаги барча иш ва ҳаракатларидан савоб олади, оддийгина амалини ибодат даражасига кўтаради. Масалан, банда нафл рўза тутмоқчи, дейлик. Борди-ю, унинг нияти бирор хасталикдан қутилиш ёки саломатлигини тиклаш бўлса, Аллоҳнинг иродаси билан бу ниятига эришиши мумкин. Агар у бунга Аллоҳ розилигини истаб, Унинг амрини бажариш ниятида киришса, унинг рўзаси ибодатга айланади, бунинг эвазига охиратда катта ажр-мукофотларга эришади, қолаверса, саломатлиги ҳам яхшиланади. У ниятини тўғрилаши билан икки томонлама манфаатга эришади.

Ёки бир киши ҳаж сафарига отланмоқчи. Агар унинг ушбу сафардан мақсади фақат Исломнинг мукаррам жойларини зиёрат қилиш ёхуд тижоратини юрғизиш бўлса, у ниятига эришади, аммо савоб олмайди. Сабаби, унинг нияти ҳаж ибодатини адо этиб, Аллоҳ розилигини топиш, гуноҳларидан покланиш бўлмади. Банда уйқуга ётиш олдидан «ухлаб тетиклашиб олсам, Аллоҳга янада кўпроқ ибодат қиламан», деб ният қилса, унинг уйқуси ҳам ибодатга, савобли амалга айланади.

Ейиш, ичиш, дам олиш, оила ҳаёти каби мубоҳ амаллар ҳам яхши ниятда бажарилса, ибодатга айланиб, эвазига савоб олинади. Масалан бир киши Аллоҳ қайтарган ичкиликбозлик ёки қиморбозлик каби иллатни Аллоҳ ҳаром қилгани учун тарк этса, савобга эришади. Борди-ю, бундай нияти бўлмаса, ана шу иллатнинг зараридан қутула олади, холос.

Катта-кичик, аҳамиятли-аҳамиятсиз демасдан ҳар бир ишда, кундалик турмушимизда ниятимизни ўнглаб иш тутишимиз керак бўлади. Масалан, кўчага чиқиш олдидан ўзингизга хушбўй атир сепмоқчи бўлдингиз. Агар  бундан одамлар сиздан озорланмасликларини, балки хушбўйликдан қалблари сурурга тўлишини ният қилган бўлсангиз, ана шу ниятингиз савобга сазовордир. Борди-ю, уни бошқа ғаразли ниятда ёки кибрланиш учун сепган бўлсангиз, мукофотга эришиш тугул, гуноҳкор бўласиз. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: “Ким Аллоҳ розилиги йўлида хушбўй нарса суртса, унинг ҳиди қиёмат куни мушк-анбар ҳидидай бўлур, ким Аллоҳдан ўзганинг розилиги ниятида хушбўйланса, қиёмат куни унинг ҳиди ўлаксаникидан ҳам жирканч бўлур”.

Ниятнинг макони қалбдир. Шунинг учун амалларимиз қабул бўлиши учун қалбдан ният қилиш, ҳар бир ишни чин ихлос билан киришиш зарур бўлади. Айни пайтда ниятни тил билан изҳор этиш янада яхшидир. Ният қилинган заҳоти уни амалга ошириш лозим. Агар бошлашнинг вақтини аниқлаш қийин бўлса, имкон топилганда ният қилинади. Ҳар бир нарсага алоҳида ният қилган маъқул.

Шунинг учун мўминнинг ниятсиз амали савоб касб этмайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларки: “Ниятсиз бажарилган амал учун ажр йўқдир”.

Беният амал машаққатдир. Ихлоссиз ният риёдир, рўёбга чиқмаган ихлос бекордир. Сидқ ва ихлос банданинг нажот топиши учун василадир. Бу икки нарса ҳақиқатини билганидан кейин у амал билан ниятни тўғрилайди.

Бир ҳадиси шарифда бундай дейилган: “Мўминнинг нияти унинг амалидан яхшидир” Имом Байҳақий ривояти.

Ўтмишдаги солиҳлардан бири: “Мен ҳар бир нарсада ниятим бўлишини жуда ҳам яхши кўраман. Ҳатто таом ейиш, сув ичиш, уйқуга кетишда ниятим бўлишини истайман”, деган. Ким таом тановул этишдан ибодатга қувват бўлишини, уйланишдан динини мустаҳкамлашни ва ўзини гуноҳдан тийишни ҳамда ўзидан  кейин салоҳиятлик фарзанд ато этилишини ният қилса, бу ниятларига яраша савоб олади. Ҳаракатларингиз, сўзларингиздан бирор нарсани кичик, арзимаган нарса деб ҳисобламанг. Ҳисоб беришдан олдин ҳисоб-китобингизни эҳтиёт қилинг. Қиладиган амалингиздан олдин ниятингизни тўғриланг. Халқимизда “Ниятингни яхши қил”, деган ҳикматли сўз бор. Ўзингиздан кейин тарк этадиган нарсалар борасидаги ниятингизга ҳам эътибор беринг.

Шунинг учун ҳам юртимиздаги ҳар бир ота-она етук ва комил  фарзандлар тарбиялашни ҳаётдаги  энг улуғ ният ва муқаддас мақсад деб билади. Бошланган “Соғлом авлод” йилида яратганнинг ўзи ана шу эзгу ният ва  орзуларимизга етишишда ҳаммамизга ёру-мададкор бўлсин. Яхши ниятли, яхши амалли ва ихлосли бандалари жумласидан айласин!

 

Абдулазиз БОБАМИРЗАЕВ

“Ҳидоя” ўрта махсус ислом  билим юрти мудири