БУЮК ФАЗИЛАТЛАР СОҲИБИ

08:08 08 Апрель 2018 1058

БУЮК ФАЗИЛАТЛАР СОҲИБИ

 

Мустақиллик йилларида юртимизда тарихни ёзма манбалар асосида тадқиқ этишга эътибор кучайди, аждодларимиз томонидан узоқ ўтмишда яратилган маданий-маънавий меросни ўрганиш ва тарғиб қилиш долзарб масалалар қаторига қўйилди. Илм-фан, маданият ривожига улкан ҳисса қўшган аждодларимизнинг унутилган номлари қайта тикланди. Моҳир саркарда, давлат арбоби, илм-фан, маданият ҳомийси бўлган Амир Темур ана шундай тарихий шахслардан биридир.

Соҳибқирон Амир Темур камдан-кам буюк шахслар ҳаётида учровчи умуминсоний, ахлоқий ва маънавий, эл-юртини севувчи ватанпарвар сифатида гавдаланади. Булар "Темур тузуклари”да ёзувчи, шоир, муаррихларнинг асарларида, халқ яратган ривоят, ҳикоя, эртакларда талқин қилинган. Оддий фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва ҳурматлаш Амир Темурнинг доимий эътиборида бўлга. Темур навкарлари билан бир қишлоқда турарди. Бир кун эрталаб сигир етаклаб келаётган аёлга кўзи тушиб ажабланади. Эрини ҳузурига келтириб сўраб-суриштирганда уйида навкарлар борлигини, уларнинг олдига хотинини ташлаб кета олмаслигини айтади. Гап нималигини тушунган Соҳибқирон шундан кейин одамларнинг уйига тушмайдиган, очиқ жойда ўтов тикиб яшайдиган бўлади. Унинг йўриқларида камбағалнинг сигири, қўй-эчкисини ўғирлаган навкарга ўлим жазоси берилиши ёзиб қўйилган эди. Соҳибқирон Амир Темур ҳақидаги "Улуғ салтанат” романи муаллифи, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Муҳаммад Али таъкидлаганидек, буюк Соҳибқироннинг маънавий олами ниҳоятда ранг-баранг бўлган. Руҳий поклик, ҳалоллик, қаттиққўллик, фидойилик, кечиримлилик, меҳрибонлик, бағрикенглик Соҳибқиронга хос фазилатлардандир. Темур маънавиятини белгиловчи бош мезон унинг бутун умр бўйи амал қилган "Куч-адолатдадир” деган шиоридир. Бу шиорда Амир Темур ҳаёти ва фаолиятининг бутун мазмунини мужассамлашган. Амир Темурнинг маънавий-маърифий қарашлари унинг ўз фарзандлари, набиралари, тахт ворисларига қолдирган ўгитлари "Темур тузуклари”да мужассамлашган. Бу бебаҳо тарихий асарда, ҳокимлар ва вазирларнинг вазифалари, ўз ишига муносабати, аҳоли турли қатлами, раиятнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, сипоҳларга муносабат каби ҳаёти маънавий-ахлоқий қонун-қоидаларда ўз ифодасини топган. Соҳибқироннинг "Темур тузуклари”дан қуйидаги фикрлари биз катта ибрат мактабидир: "Юз минг отлиқ аскар қила олмаган ишни бир тўғри тадбир билан амалга ошириш мумкин”. "Золимлардан мазлумлар ҳаққини олдим. Золимлар етказган ашёвий ва жисмоний зарарларни исботлаганимдан кейин, уларни шариатга мувофиқ одамлар ўртасида муҳокама қилдим ва бир гуноҳкорнинг ўрнига бошқасига жабр-зулм ўтказмадим”; Қуйидаги тузукларда Амир Темурнинг кечиримли ҳислатлари намоён бўлган. Буни у бошқалардан ҳам талаб қилган. Кечиримли бўлиш инсон учун энг яхши фазилат саналади: "Менга ёмонлик қилиб, бошим узра шамшир кўтариб, ишимга кўп зиён етказганларни ҳам, илтижо билан тавба-тазарру қилиб келгач, ҳурматлаб ёмон қилмишларини хотирамдан ўчирдим. Мартабаларини оширдим. Улар билан муомалада шундай йўл тутдимки, агар хотираларида менга нисбатан шубҳаю-қўрқув бўлса, унут бўларди”. "Менга ҳасад қилиб, ўлдиришга қасд қилган кишиларга шунчалик совға-инъомлар бериб, муруввату эҳсон кўрсатдимки, бу яхшиликларни кўриб, ҳижолат терига ғарқ бўлдилар. Ҳамиша менинг розилигимни олиб иш тутган дўстларим олдимга паноҳ тилаб келганларида, уларни ўзимнинг тахту давлатимга шерик қилиб, ҳеч қачон улардан мол-мулк ва тирикчилик ашёларини аямадим”. "Ҳеч кимдан ўч олиш пайида бўлмадим. Тузумни тотиб, менга ёмонлик қилганларни парвардигори оламга топширдим...”. "Агар душманинг бош уриб паноҳингга келса, раҳм қилиб яхшилик ва мурувват кўрсат”. Амир Темурнинг дўстлик ҳақидаги панду-насиҳатлари ҳам ибратлидир: "Содиқ ва вафодор дўст улким, ўз дўстидан ранжимайди, дўстнинг душманини ўз душмани деб билади. Агар керак бўлса, дўсти учун жонини ҳам аямайди”. Соҳибқироннинг раҳмдиллиги, меҳр-мурувватлилигини нафақат инсонларга муносабатида, ҳатто беозор жониворларга нисбатан ҳам кўриш мумкин. Ривоят қилишларича, Амир Темур Қорабоғда Шом сари юриш олдидан чодир тикиб, узоқ туриб қолади. Уларнинг йўғида чодир туйнугидан икки кабутар тушиб, жуфти ҳалоллик қилишади. Улар ўриндиққа хас-хашакдан ин қуриб, бири тухум босиб ётар эди. Ами Темур Оллоҳнинг бу беозор жониворларига халал бермаслик учун бошқа чодир тиктиради. Боз устига сафарга жўнаш олдидан тўрт нафар навкарни мулозим билан қолдиради. Улар беозор қушлар тухум очиб палопонлари учирма бўлгунча шу ерда бўладилар. Соҳибқирон иймон-эътиқодли, тилида, дилида Оллоҳни зикр қилган, шариат асосида иш тутган инсон эди. Шу боис катта-кичик шаҳару қишлоқларда масжид, мадраса, хонақохлар қуришга буюради. Уламолар, саййидлар, машойихларга иззат-ҳурмат кўрсатади. Араб тарихчиси Ибн Дўқмоқнинг ёзишича, Темур Дамашқни қамал қилганда шаҳар қальасидагилар узоқ муддат Темурга таслим бўлмай, қаршилик кўрсатаётган пайтда пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо с.а.в. завжаларидан бири Уммул-Ҳабибанинг қабрини ташландиқ ҳолда кўрган Темур қабр устига гумбаз қуришларини буюрганда, итоат билдирган шаҳар аъёнлари Темурнинг бу ишини оммага ҳам мақтайди ва исёнкорларни қаршиликни тугатиб, у билан сулҳ тузишга ташвиқот қилганлар. Бу ҳақда Ибн Арабшоҳ ҳам ёзиб, Темур амри билан пайғамбаримиз завжалари қабри устига бир-бирига ёндош икки қубба қурилганини ҳикоя қилади. Буюк бобокалонимиз ўз Тузукларида "Адлу эҳсон билан жаҳон гулшани обод бўлади” деб ёзган эди. Бунга Соҳибқирон бутун умри давомида амал қилди. Камбағал бечоралар, гадолар, мусофирларнинг бошини силайди. Деҳқончилик қилишга қурби етмай қолган деҳқонларга, уй-иморати бузилиб, тузатишга маблағи йўқ фуқароларга ёрдам беришни тайинлайди. Юқоридаги мисоллардан кўриниб турибдики, ёвузлик, такаббурлик, манманлик, инсон қадрини билмаслик ва бошқа нуқсонлар Амир Темурга ёт эди.

Истиқлолимиз туфайли ўзимизга қайтган Амир Темур ҳазратлари амал қилган ҳаётий мезонлар кундалик ишларимизда, давлатимиз салоҳиятини ошириш, халқ фаровонлигини юксалтириш сари босаётган қадамларимизда намоён бўлмоқда. Юртимизни обод қилиш, улуғ аждодларимиз руҳи покини шод этиш, халқимизнинг азалий удумларини ривожлантириш, маърифат ва маънавиятга эътибор, инсонлар орасида меҳр-оқибат, кексаларга ғамхўрлик каби фазилатлар тиниқ булоқлар каби тобора кўз очиб бормоқда. Бу эса Амир Темур қадрияти умуминсоний қадриятлар даражасига кўтарилиб, халқимиз қалбидан мустаҳкам ўрин олаётганидан далолатдир.

 

Интернет манбалари асосида

Шавкатжон МАДАМИНОВ

 “Ҳидоя” ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси