БАДНАФСЛИК - ЁМОН ИЛЛАТ

21:58 29 Март 2018 1558

БАДНАФСЛИК - ЁМОН ИЛЛАТ

Бад сўзи форс-тожик тилидан ўзлашган қўшма сўзларда  ёмон, ярамас, зарарли маъноларини билдиради. Баднафс – нафси бузуқ деганда кўп еб-ичадиган, нафсини тия олмайдиган, очкўз кишилар, шунингдек мол-дунёга тўймайдиган, бойликка ҳирс қўйган, бахиллик иллатига мубтало бўлган шахслар назарда тутилади. Баднафс, бахил инсон ҳамма учун яратилган нозу неъматларни фақат ўзимга бўлишини истайди.

Имом Муслим ривоят қилган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бировга зулм қилишдан сақланинглар. Чунки зулм Қиёмат кунида зулумат бўлади. Ва яна хасислик ва баднафсликдан сақланинглар. Чунки баднафслик сизлардан аввалги умматларни ҳалок қилди ва қон тўкишларига ҳамда ҳаром нарсаларни ҳалол қилиб олишларига сабаб бўлган эди», дедилар.Ушбу ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам баднафслик иллатига гирифтор бўлганларнинг аянчли оқибатларини тилга олмоқдалар. Аввалги умматларнинг ҳалокатга юз тутиш омилларидан бири деб танитмоқдалар. У сабаб бир-бирларини қонларини тўкиш, жонларига тажовуз қилиш одатий ҳолга айланди. Мукаррам ва эзгулик тимсоли сифатида яратилган инсон ваҳшийлик йўлини тутди. Бундан ҳам ачинарлиси маънавий таназзулга учради. Илоҳий таълимотларни ўзгартиришди. Эл ичра ҳаром деб тарқалган, қилишлик мумкин бўлмаган ишларни қилишга журъатли бўлиб қолдилар. Бировларнинг молини очкўзлик, бахиллик сабаб талон-тарож қилдилар. Етимлар, бева-бечораларга аталган нарсаларни ўзлаштирдилар. Молу мулк орттириш, тўплаш йўлида кўнгиллари нима тусаса, таб тортмай қилдилар. Молу дунё ортидан қувганлар тубанлашиб боравердилар. Қолганлар эса уларга қул бўлиб, моддий ва маънавий қашшоқлаша бордилар. Жамиятларида зулм ва зўравонлик авж олди. Натижада эса ҳаммалари бирдек ҳалок бўлишди. Демак баднафслик, бахиллик, молу мулкка муккасидан берилиб яшаш йиллар давомида жамиятни издан чиқишига олиб келар экан.

Бахиллик фақат моддий нарсалар билан чекланиб қолмайди, яъни молу мулк, нарса буюмлардан бировларни фойдалантирмаслик назарда тутилмайди. Балки, маънавий нарсаларни ҳам сабабсиз тийиб қолиш бахилликни бир куринишидир. Масалан, устоз ўз шогирдига ўратиши керак бўлган нарсаларни қасддан ўргантмаслик, ҳунарман одам ўзидаги ҳунарни ёки касбни шогирдларига ўргатмаслик ҳам бахилликнинг бир тури саналади.

Бадафслик, бахиллик иллатидан қутилиш учун бизларга энг гўзал намуна бу суюкли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдирлар. У зотнинг тарихлари, сийратларини кўп ўқиш ва ўрганиш, хулқ-атворларидан ўрнак олиш билан бу каби салбий иллатлардан ҳалос бўлиши мумкин. У зотдан бирор нарсани сўраб келгган кишига ҳеч вақт: «Йўқ»деган сўзни ишлатмаганлар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга турли жойлардан совға ва ҳадялар келар эди. Ўша ҳадяларни муҳтож ва ҳақдорларга тарқатиб чиқмагунча ухламас эдилар. Ўзларига ёққан нарсани биров менга беринг, деб сўраб келганда, ўзлари учун энг севимли бўлган ўша нарсани сўраб келган одамга берар эдилар.

Баднафслик ва бахилликнинг давосидан яна бири кўпроқ садақа ва эҳсон қилиб туришдир. Бериладиган нарсанинг қанчалиги ва кимгалиги муҳим эмас, бошланишида арзимас саналган нарсаларни беришга одатланиб бориш керак, оз-оз бўлсада давомлий бўлган қўлиочиқлик одат тусига айланади ва қалбга ўрнашади. Қалбдаги бахиллик ва хасисликни сиқиб чиқаради.

Абдулбоқий Турсунов

“Ҳидоя” ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси