АМИР ТЕМУР ДАВРИДА ИЛМ-ФАН

18:10 07 Апрель 2018 3594

АМИР ТЕМУР ДАВРИДА ИЛМ-ФАН

Евроосиёнинг бепоён ҳудудларини ўз ичига улкан ва қудратли Темурийлар давлати наинки Ўзбекистон, Ўрта Осиё, балки бутун жаҳон халқлари тарихида муҳим сифат ўзгаришларини бошлаб берган. 

Аввало Амир Темурнинг давлатчилик сиёсати Евроосиё  минтақасида турли илмий ва маданий мактабларнинг қўшилишига ва кашфиёт ва услубларнинг юзага келишига замин яратди. Ўрта Осиёда шарқ илмий тафаккури умумлашиб, уйғунлашиб, бир-бирининг энг илғор тарафларини олиб янги тараққиёт чўққисига кўтарилди, ўзига хос Амир Темур ва темурийлар даври илмий ва фалсафий тафаккури пайдо бўлди, илм-фан интеграцияси кучайди, бир сўз билан айтганда миллатлараро кўприк ўрнатилди. 

27 давлатни ўз ичига бепоён Евроосиё ҳудудларида ташкил топган улкан салтанатда тинчлик-хотиржамликнинг ўрнатилиши, ташқи хавфларнинг бартараф этилиши, мамлакатдаги кенг ободончилик ишларининг йўлга қўйилиши, илм-фан ва маънавиятга эътибор давлат ва жамият ҳаётида муҳим бурилишларни бошлаб берган. У Тинч океанидан то Атлантика океанига қадар катта ҳудудларда таъсир кучига эга бўлган, ўз даврининг геосиёсий мувофиқлигини таъминлашни яхши билган фавқулодда иқтидор, ақл, билим ва куч эгаси бўлган.

Амир Темурнинг ҳомийлиги ва раҳбарлиги остида ўша даврнинг машҳур ва билими ўткир олиму уламолари, уста қурувчилар, дин пешволари, табиблар ва бошқа профессионал мутахассислар Самарқандга таклиф этилди. Самарқандда дунёнинг энг йирик кутубхоналари бунёд этилди. Олимлар бу ерда илмий изланишлар билан қизғин шуғуллана бошлаганлар. 
Темурийлар давлатининг бошкенти бўлган Самарқанд Шарқнинг интеллектуал ва маданият марказига айланган.

Амир Темур шахсида биз ўша замоннинг энг етук маънавият соҳибини кўрамиз. У аввалги аждодлар тарихини яхши билган, уларнинг хатолари ва ютуқларидан хулоса чиқара олган, эгаллаган ҳар бир билимини амалиётга қўллай олган зукко инсон эди. У аҳлоқи ва одоби камолотга етган, иймони бақувват, адолат учун курашадиган тўғрисўз, етимпарвар, илм-фанни севгувчи, бир умр ўрганишдан чарчамайдиган илму толиб ҳукмдор эди. Маълумотларга кўра, у бир нечта тилларни мукаммал билган, ўз даврининг машҳур олимларини ҳам донолиги ва ўткир билими билан довдиратиб қўйган. 

У диний ва дунёвий илмларни пухта эгаллаган бўлиб, мажлиси олиму уламолар билан бошқарилар эди.

Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Бойсунғур Мирзо, Ҳусайн Бойқаро, Бобур Мирзо каби шоҳ ва шаҳзодалар, темурий маликалар Темурийлар маънавияти  пойдеворини ўзларининг илм-маърифатга бўлган ҳурмати туфайли мустаҳкамлаб бордилар ва бу йўлда ўз ҳисобларидан кўплаб қурилишлар ва ташкилий-молиявий ишларни амалга оширдилар. Авлиёлар авлиёси, шоирларнинг султони Алишер Навоий ижодига ҳам ўша даврнинг  илмий-ижодий муҳитининг таъсири бўлганлигини англаб етиш мумкин.   

Темур ва темурийлар даври, умуман Шарқ, хусусан Ўрта Осиё илм-фани, маданияти, маънавияти, адабиёт ва санъати ривожида муҳим босқич, янги тарихий давр, бурилишдир. Бу давр IX-XII асрлардаги маънавий-маърифий ҳаётдаги кўтарилиш ва юксалишнинг мантиқий давомидир. Бошқача ном билан бу давр "Олтин аср” деб ҳам юритилади. Ўрта Осиё халқлари орасида етишиб чиққан буюк тафаккур эгаларининг бутун бир авлоди ҳудди шу даврда шаклланди ва ижод қилди. Бутун дунёга номлари машҳур тарихчилар Шарофиддин Али Яздий, Мирхонд, Хондамир, Давлатшоҳ Самарқандий; олимлардан Мирзо Улуғбек, Али Қушчи, Қозизода Румий; файласуф-шоирлардан Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий, Лутфий, Саккокий, Атоий; мусаввирлардан Камолиддин Беҳзод, Қосим Али, Мирак Наққош; ҳаттотлардан Султон Али Машҳадий, Султон Муҳаммад Хандон, Муҳаммад бир Нур ва бошқалар шулар жумласидандир. Уларнинг барчаси ўша давр ва ўзларигача бўлган инсоният маънавияти, маърифати ва маданияти ютуғининг барча соҳаларини мукаммал билиб, ўзлаштириб олган, ўзлари танлаган соҳаларининг ҳали ҳеч ким томонидан забт этилмаган чўққиларини эгаллаган улуғ сиймолар, қомусий илм эгалари бўлганлар. Шунинг учун ҳам уларнинг бой, серқирра ижодлари, тенги йўқ ва такрорланмас илмий-фалсафий, бадиий, тарихий асарлари асрлардан-асрларга ўтиб, замон синовларига бардош бериб бизларгача етиб келди. Мустақиллик туфайли жаҳон маънавияти ва маърифати саҳнида ўз ўринларига эга бўлган комил аждодларимизни ва улар қолдирган бой маънавий-маърифий меросни теран англаш, ўрганиш ва улуғлаш имконияти юзага келди. Ота-боболаримиз, хусусан буюк давлат арбоби, маърифат ҳомийси, юксак маънавият эгаси Амир Темур ва унинг авлодлари қолдирган мероси бугунги кунда халқимиз учун руҳий-маънавий покланиш ва миллий ўзликни англашнинг тугамас чашмасидир.

 

Шавкатжон МАДАМИНОВ,

 “Ҳидоя” ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси