Маърифатга чорловчи кўзёшлар

15:39 11 Декабрь 2018 808

Икки олам сарвари, охирзамон пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йиғлашлари, муборак кўзларидан ёш тўкишларига сабаб нима? Инсоният комиллигининг тимсоли қилиб яратилган Пайғамбаримиз ҳам наҳотки кўзёш тўккан бўлсалар?» каби сўнгсиз саволларга ожиз банда жавоб топгиси келади. «Пайғамбаримизни йиғлатган ҳодисалар» китобини қўлга одиб, мутолаа қилсак, бундай саволларга жавоб топамиз. Мусанниф ёзади: «Инсон ожизлигини ва Раббига сиғинишини кўз ёшлари билан ифода қилади. Кўзёш ожизликка ишорадир. Ожизлик эса бандалик белгисидир. Яъни, Раббининг азамати қаршисида ожизлигини эътироф этиш, кибр ва ғуруридан халос бўлиш демакдир». Кўз ёши

инсониятга хос ожизлик белгисидир. Жамики исломий манбалар этироф этишича, Ҳазрати Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам яширин йиғлаганлар ва яширин йиғлашни тавсия этанлар. Чунки, ошкора йиғига кишининг нафси ва шайтон аралашиши мумкин экан. Йиғлаш учун ҳам шаръий сабаб бўлиши лозим. Бобораҳим  Машраб ёзади:

Матлабим бор нораво, мен йиғламай ким йиғласин,

Дард берибдир бедаво, мен йиғламай ким йиғласин.

Зулмати мотамда қолдим бу хатарлиқ йўл аро

Бекасу бераҳнамо, мен йиғламай ким йиғласин.

Пайғамбаримиз (с.а.в)ни йиғлатган ҳодисалар Исломий йўлдан адашиб, раҳнамосиз қолиш йиғлашнинг сабабларидан биридир. Йўлда кетаётган солик ҳам ўз раҳнамосидан айрилса, боласини йўқотган Яъқуб алайҳиссалом каби зор йиғлайди:

Соғиниб Юсуфини йиғламас Яъқуби зор,

То мусофир бўлди Юсуф ибн Канъон йиғлади.

Раҳнамосиз қолиш отадан айрилган ўғил, фарзанд доғида куйган отанинг, дардидан ҳам улуғроқ. Демак, йиғи фақат яқин кишисини йўқотгандагина бўлмайди. Қорин-қурсоқ йўлида ташвиш чекиб йиғлаш ношаръийлик касб этади. Демак, йиғлаш учун улуғроқ сабаб, асос бўлиши керак. Жалолиддин Румий:

«Раҳматам мавқуф он ҳуш гузиҳо аст,

Чум гирист аз баҳри раҳмат мавж хост...”,

деб Аллоҳ йўлида йиғламоқни улуғлайди, Бобораҳим Машраб ҳам йиғиларнинг

бехосиятини фарқлаб кўрсатади. Қўлингаздаги рисолада Пайғамбаримиз алайҳиссаломни йиғлатган ҳодисалар, саҳобалар  кўзёшларининг сабаблари баён қилинган. Токи уларнинг йўлидан юрган аҳли сунна бесабаб кўзёш тўкмасин, фақат Аллоҳ буюрган мақбул ҳолатлардагина йиғласин. Бехосият йиғига кибр, риё, шайтоний нафс ва манфаат аралашиши мумкин экан. Бу

фикрларнинг шеърий талқиннни яна Шоҳ Машрабнннг «Девон»идан топамиз:

Охир коринг нечук бўлған, бу йўлда бехабар йиғла,

Ҳама Ҳақ ичра жо бўлди, қўпуб шому саҳар йиғла.

Агар Маҳшарда гўрдин суррў бўлуб қўпай дерсан,

Қадингни ҳам қилиб даргоҳга бош ур, бештар йиғла.

«Мабдаи нур» асарида Мавлоно Румийнинг «Маснавийи шариф»и талқин қилинар экан, бехосият йиғининг яна қатор салбий хусусиятлари айтиб ўтилади.

Ўткинчи дунёнинг ҳам учун эмас, дил ва охират қайғусида эмас, дин ва охират қайғусида, Аллоҳдан қўрқиб, мағфиратини умид қилиб, йиғлаган қалблар, инша Аллоҳ, саодат

топажаклар.

 

       Аброрхўжа Рашидов

“Ҳидоя” ўрта махсус ислом билим юрти ёшлар етакчиси

Tags:   siyrat , Maqola