Мусулмон ҳаётидаги тавҳиднинг ўрни ва унинг қисмлари

13:16 28 Май 2019 1063

Банда тавҳид ила Раҳмоннинг розилиги, мукаррамлик ила бахт ва неъматга тўла ҳақиқий бир ҳаёт кечиради. Тавҳидсиз эса чорва молларининг ҳаёти каби бир ҳаёт кечиради:

 «Магар чорва ҳайвонлари кабидирлар. Йўқ, улар янада йўлдан озганроқ кимсалардир!» (Фурқон: 44). Тавҳидни қўлдан бой берган кимса ўлик жуссадир. Гарчи ер юзида юрган бўлса-да. Тавҳидни рўёбга чиқарган эса ҳақиқий ҳаёт кечираётган одамдир. Аллоҳ таоло шундай дэйди:  «Аввал ўлик (кофир) бўлган, сўнгра биз уни (динга ҳидоят қилиш билан) тирилтириб ...» (Анъом: 122). Яъни, Биз уни иймон ва тавҳид билан тирилтирдик-(ҳаёт бағш этдик). Аллоҳ таоло мархамат қилади

«Эй мўминлар, Аллоҳ ва Унинг пайғамбари сизларни абадий ҳаёт берадиган нарсага (яъни, динга) даъват қилар экан, уни қабул қилинглар» (Анфол: 24).

Тавҳид ила юрт тинчлиги ва тана роҳати ҳосил бўлади:

 «Иймон келтирган, ўз иймонларини зулм (ширк) билан аралаштирмаган зотлар — ана ўшалар хотиржам бўлгувчидирлар ва ўшалар ҳидоят топгувчидирлар» (Анъом: 82

Тавҳид ила инсоннинг саодати ва ҳотиржамлиги ҳосил бўлади. Аллоҳ таоло мархамат қилади

 «Еркакми ё аёлми — кимда-ким мўмин бўлган ҳолида бирон яхши амал қилса, бас, Биз унга покиза ҳаёт ато этурмиз ва уларни ўзлари қилиб ўтган амалларидан чиройлироқ ажр-савоблар билан мукофотлаймиз» (Наҳл: 97 Аллоҳ таоло мархамат қилади

«Бас, сизларга Мен тарафдан ҳидоят келганида ким Менинг ҳидоятимга эргашса, йўлдан озмас ва бахтсиз бўлмас. Ким Менинг эслатмамдан юз ўгирса, бас, албатта унинг учун танг – бахтсиз ҳаёт бўлур ва Биз уни қиёмат кунида кўр ҳолда тирилтирурмиз» (Тоҳа: 123-124

Тавҳид ила қалбдан шубҳалар кўтарилиб, турли васваса ва тубан фикрлар нари кетади. Ҳамда қалбда ҳотиржамлик, роҳат, охисталик ва сакинат ҳосил бўлади.

Тавҳид ила шайтонлар қувғин қилиниб, тавҳид ижро этилиб турган ўринда ортиқ қолишга тоқат қилолмайди. Шайтон азонни эшитса ел қўйганча орқа ўгириб кетади. Қуръоннинг бари тавҳид, Аллоҳ жалла ва аълани улуғлаб, мажд этишликдир. Оятал Курсий тавҳид ояти, унинг далил ва ҳужжатлари ва очиқ-ойдин баййинотларининг баёнидир. Мўмин киши Оятал Курсийни ўқиб тўшагига ётса, тепасида Аллоҳ томонидан бир қўриқчи бўлади. Ва то тонг отгунга қадар шайтон унга яқин йўламайди.

Банда тавҳид ила Аллоҳнинг изни билан сеҳргар ва фолбинларнинг ёмон макрларидан саломат қолади:

 «Албатта Аллоҳ иймон келтирган зотларни мудофаа қилур» (Ҳаж38).

 «Ва иймон келтирган зотларни ғолиб қилиш Бизнинг зиммамиздаги ҳақ бўлган» (Рум: 47).

«Шак-шубҳасиз, яхшилар (яъни мўминлар) жаннат неъматларидадирлар» (Инфитор: 13).

Банда иймонини кучайтириб туришга, исломини янгилаб, Раббиси жалла ва аъла бўлган алоқасини кучайтириб боришга эҳтиёж сезади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Албатта иймон сизлардан бирингизнинг ичида кийим эскиргани каби эскиради». (Мақсаддан) буриб юборувчи ва қутурган фитналар ва бузғунчи бидъатларни енгиб ўтишда одамлар тавҳидни тасдиқлаб олишликка ва ёшлар ушбу буюк, метин тарбия асосида ўсиб-улғайишга муҳтождирлар:

 «Эй ўғилчам, Аллоҳга ширк келтирмагин! Чунки ширк келтириш катта зулмдир» (Луқмон: 13).

Аллоҳ жалла ва аъладан бизни Аллоҳнинг муваҳҳид бандалари, динни Унга холис адо қилувчи, У жалла ва аълага иймон келтирувчи ва Унинг шиорларини улуғловчи бўлиб яшашимизни насиб айламоғини, ҳамда ҳаммамизни ширкнинг барчасидан, кичигу каттаси, ози-ю кўпидан сақламоғини сўраймиз.

 

Авазбек Ортиқбоев

Ҳидоя ўрта махсус ислом билим юрти талабаси

ёшлар иттифоқи аъзоси