БАЙРОҒИМИЗ – ҒУРУРИМИЗ, ФАХРИМИЗ РАМЗИ!

09:53 18 Ноябрь 2020 109

Ўзбекистон мустақилликка эришгач, ўз миллий Давлат рамзларини қабул қилди. 1992 йил 18 ноябрь ҳам мамлакатимиз миллий рамзларидан бири Давлат байроғи қабул қилинган кун сифатида тарихда муҳрланиб қолди. Мана, йигирма саккиз йилдирки, мустақил Ўзбекистонимиз дунё ҳамжамиятининг тенг ҳуқуқли бир аъзоси сифатида бутун дунёга танилмоқда, байроғимиз БМТ бош қароргоҳи олдида мамлакатимизнинг қуч-қудратини намоён этиб, ҳилпираб турибди. Зеро, Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи Ўзбекистон Республикаси давлат суверенитетининг рамзидир.

Давлат байроғи ва унинг рамзи бугунги Ўзбекистон сарҳадида қадимда мавжуд бўлган давлатлар билан тарихан боғлиқлигини англатади ҳамда республиканинг миллий-маданий анъаналарини ўзида мужассамлаштиради. Байроғимиздаги мовий ранг – тириклик мазмуни акс этган мангу осмон ва оби-ҳаёт рамзи. Тимсоллар тилида бу – яхшилик, донишмандлик, ҳалоллик, шон-шуҳрат ва садоқатни билдиради. Бинобарин, Амир Темур давлати байроғининг ранги ҳам мовий рангда эди. Оқ ранг эса муқаддас тинчлик рамзи бўлиб, у кун чароғонлиги ва коинот ёритқичлари билан уйғунлашиб кетади. Оқ ранг – поклик, беғуборлик, софлик, орзу ва ҳаёллар тозалиги, ички гўзалликка интилишнинг тимсоли. Яшил ранг – табиатнинг янгиланиш рамзи. У кўпгина халқларда навқиронлик, умид ва шодумонлик тимсоли ҳисобланади. Қизил чизиқлар бўлса вужудимизда жўшиб оқаётган ҳаётий қудрат ирмоқларини англатади. Навқирон ярим ой тасвири бизнинг тарихий анъаналаримиз билан боғлиқ. Айни пайтда у қўлга киритилган мустақиллигимиз рамзи ҳам. Юлдузлар барча учун руҳий, илоҳий тимсол саналган. Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғидаги ўн икки юлдуз тасвири ҳам тарихий анъаналаримиз, қадимги йилномамизга бевосита алоқадор. Бизнинг ўн икки юлдузга бўлган  эътиборимиз Ўзбекистон сарҳадидаги қадимги давлатлар илмий тафаккурида нужум илми тараққий этганлиги билан ҳам изоҳланади. Давлат байроғимиздаги ўн икки юлдуз тасвирини ўзбек халқи маданиятининг қадимийлиги, унинг комилликка, ўз тупроғида саодатга интилиши рамзи сифатида тушуниш лозим. Байроғимиз, чинакам маънода, халқимизнинг асрий маданияти, урф-одатлари ва пок ислом динининг умуминсоний ғояларини   ўзида мужассамлаштирган.

Исломниг бешинчи аркони бўлмиш ҳаж ва умра зиёратига борган юртдошларимиз бегона давлатда меҳмонхоналар пештоқига ўрнатилган давлатимиз байроғини кўриб, қалблари фахру ғурурга тўлганини, беихтиёр кўзларига ёш олишганини жуда кўп бора эшитганман. Яқинда бўлиб ўтган олимпиа ўйинларида юртдошларимизнинг мислсиз ғалабаларидан бир қувонган бўлсам, байроғимизнинг жаҳон ареналарида юқори кўтарилганини кўриб яна бир бор суюндим, худди ўзим ғолиб бўлгандек кўнглим ифтихорга тўлди, кўзимда ёш йилтиради.

Ҳақиқатдан ҳам, ҳаётимизда рамз ва тимсолларнинг ўрни катта. Зеро, миллий рамзлар ор-номус, шон-шараф саналган. Шайх Нажмиддин Кубронинг жасоратини тарихдан яхши биламиз. Ҳамон бу буюк қаҳрамонлик тилдан тушмайди, ҳанузгача халқимизни ватанпарварликка, қаҳрамонликка чорлайди. Юрт байроғини ёв қўлига топширишни истамаган Нажмиддин Кубро уни қўлида маҳкам тутганча жон берган эди. Душман ҳарчанд уринмасин, унинг қўлидан байроқни тортиб ололмай, охири панжалари билан кесиб олади. Туғини жонидан ортиқ асраган Тўмарис, Спитамен, Муқанна, Темур Малик, Амир Темур, Жалолиддин Мангуберди каби ўнлаб саркардалар ҳаёти ҳам бугун авлодларимизга катта ибрат. Аслида Ватан байроғини кўзга суртиш, уни тўтиё қилиш Ватанни севиш, унинг учун жонини фидо қилишга тайёр бўлиш деганидир.

Бугун Ўзбекистон деганда бепоён яшил далалар, ҳапқириб оқаётган азим дарёларимиз билан бирга баланд минбарларда ҳилпраб турган байроғимиз кўз олдимизга келади. Илоҳим, мустақил юртимизга кўз тегмасин, байроғимиз дунё майдонларида фахру ғуруримиз рамзи сифатида ҳилпираб, асрлар давомида мамлакатимиз аҳлини янги марралар сари чорласин ва  Байроғимизнинг баландлиги юртимизнинг обрў-нуфузи юксаклигидан далолатдир. Шундай экан, сарбаланд қаддимиз ва қадримиз тимсолини ҳамиша эъзозлайлик ва бошимиз узра баланд кўтарайлик!

 

Аброрхўжа Рашидов

Билим юрти ходими