Бағрикенглик - азалий фазилат

14:40 11 Ноябрь 2020 93

Барчамизга яхши маълумки, жамият тараққиёти ва фаровонлигида миллатлараро, динлараро ўзаро бағрикенглик ва тотувлик ҳамиша муҳим аҳамият касб этади. Мустақил ўлкамиз – Ўзбекистонда 130 га яқин миллат вакиллари турли динларга эътиқод қилувчи халқлар бўлиб,  алҳамду-лиллаҳ, тинч-омон, аҳл-иноқ яшаб келмоқдалар. Ана шу эзгулик ва тинчлик-осойишталик омили бўлган диний бағрикенглик тамойилларини янада мустаҳкамлаш ва ривожлантиришга диёримизда алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда.

Ўзбекистонда  хилма-хил диний эътиқодга эга бўлган кишиларнинг бир заминда, бир ватанда, буюк ғоя ва соф ниятлар йўлида ҳамкор ва ҳамжиҳат бўлиб яшашлиги – диний бағрикенгликни ёрқин намунасидир.

Юртимиз мустақилликка эришгач, барча исломий қадриятлар – масжид ва мадрасалар, зиёратгоҳлар, нодир тарихий манбалар, осори-атиқалар мусулмонларга қайтариб берилди. Ўлкамизда яшаб меҳнат қилаётган кўп сонли мусулмонлар қатори бошқа дин вакилларининг ҳам эмин-эркин ибодат қилишлари, диний таълим олишлари учун барча шарт-шароитлар яратилди.

Халқимизга азалдан хос бўлган диний бағрикенглик биз учун анъанавий бир ҳолдир. Диний бағрикенглик диний заминдаги адоватга қарши ҳамиша ўзига хос қалқон  вазифасини ўтаган. У турли эътиқодларнинг бир замон ва маконда биргаликда мавжуд бўлишига, улар ўртасидаги ҳамкорлик ва ҳамжиҳатликнинг ривожланишига йўл очган. Бу эса, ўз навбатида юрт тинчлиги ва тараққиётига, умуминсоний тамаддун ва маънавият ривожига ҳисса қўшган. Бу ҳақда динимиз таълимотига назар ташласак, унда Аллоҳ таоло ўз каломида баён қилган диний бағрикенглик асосини кўрамиз:

“Дин тўғрисида сизлар билан урушмаган ва сизларни ўз юртингиздан (ҳайдаб) чиқармаган кимсаларга нисбатан яхшилик қилишингиз ва уларга адолатли бўлишингиздан Аллоҳ сизларни қайтармас. Албатта, Аллоҳ адолатли кишиларни севар”. (Мумтаҳана сураси 8-оят)

  Республикамизда ислом дини билан бир қаторда бошқа диний эътиқод йўналишлари эмин-эркин фаолият кўрсатмоқда. Фуқароларнинг миллати, ирқи, динидан қатъи назар барча учун тенг ҳуқуқлар қонун орқали кафолатланган.

Ўзбекистоннинг анъанавий диний бағрикенглик ўлкаси экани, ислом фани ва маданиятига қўшган улкан ҳиссасини эътироф этиб, нуфузли Халқаро ташкилот – Ислом Конференцияси ташкилотининг таълим, фан ва маданият масалалари бўйича муассасаси Тошкент шаҳрини 2007 йилда Ислом маданияти пойтахти деб эълон қилди.

Демак, кўнглида ҳеч бир инсонга адовати бўлмаган ҳамда жамиятга қўли ва тили билан зарари тегмайдиган кишилар билан чиройли муомалада бўлиш, улар билан дунёвий ишларда ҳамкорлик қилиш, ёвузлик ва зулм-зиён етказиш йўлида асло ҳамкорлик қилмаслик муборак динимиз талабидир. Зеро, Аллоҳ таоло бу ҳақда марҳамат қилиб бундай дейди:

“...Эзгулик ва тақво (йўли)да ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва адоват (йўли)да ҳамкорлик қилмангиз! Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ азоби қаттиқ зотдир”. (Моида сураси, 2-оят).

Динимизнинг боқий асоси Қуръони карим ва ҳазрат Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг ўчмас таълимотларида қўни-қўшничилик, жамиятдаги барча инсонлар билан бўладиган ўзаро муомалаларда ҳам бағрикенгликка тарғиб қилинган. Ҳазрат Расули Акрам (с.а.в.)нинг ҳадисларидан бирида ғайридин бўлган қўшнига ҳам инсонийлик юзасидан яхши ва чиройли муомалада бўлишга буюрганлар.

Аллоҳ таоло ер юзида турли миллат ва элатларни, турли тилларда сўзлашувчи халқларни яратишининг ҳикматларидан бирини шундай баён этади:

“Эй, инсонлар! Дарҳақиқат, Биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳавво)дан яратдик ҳамда бир-бирларингиз билан танишишингиз учун сизларни (турли-туман) халқлар ва қабила (элат)лар қилиб қўйдик. Албатта, Аллоҳ наздида (энг азизу) мукаррамроғингиз тақводорроғингиздир. Албатта, Аллоҳ билувчи ва хабардор зотдир”. (Хужрот сураси, 13-оят)

“Анкабут” сураси 46-оятида эса:

“(Эй, мўминлар!) Сизлар аҳли китоблар билан фақат энг чиройли услубда мунозара қилингиз, илло уларнинг орасидаги зулм (тажовуз) қилганлар бундан мустаснодирлар...”, - дейилган.

Демак, Қуръони карим мусулмон мамлакатларида бошқа динларга нисбатан муносабат ва диний эътиқод эркинликлари масалаларида асосий манба бўлиб хизмат қилган. Демакки, бундан исломнинг бошқа диний эътиқоддаги кишиларга нисбатан инсонпарвар, адолатпарвар эканини кўришимиз мумкин.

Динимиз таълимотларида диний бағрикенгликка алоҳида диққат-эътибор берилганини кўриб турибмиз. Қайси жамиятда диний бағрикенглик тамойиллари ҳаётда ўз талқинини топса, ўша жамиятда ўзаро ҳурмат ва самимият қарор топиб, барча инсонлар тинч ва осойишта ҳаёт кечирадилар. Тинчликсиз тараққиёт ва фаровонлик бўлмагани каби, диний бағрикенгликсиз тинчлик барқарор бўлмайди.

Диний бағрикенглик хилма-хил диний эътиқодда бўлган кишиларнинг олижаноб ғоя ва ниятлар йўлида ҳамкор ва ҳамжиҳат бўлиб яшаши, кишилик жамияти равнақи йўлида хизмат қилишини англатади. Ҳозирда бу ғоя эзгулик йўлида нафақат диндорлар, балки жамиятнинг барча аъзолари ҳамкорлигини назарда тутади. Диний бағрикенглик тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, озод ва обод Ватан қуришнинг муҳим шартидир.

 

Ривожиддин Насритдинов

"Ҳидоя" ўрта махсус ислом билим юрти

маънавий-маърифий масалалар бўйича

мудир ўринбосари